Мажбурий ижро бюроси ва Давлат солиқ қўмитасининг электрон ҳамкорлик тизими ёрдамида қарздор юридик шахсларнинг шахсий кабинетига ижро ишлари ҳақидаги 46 минг 890 қарор онлайн жўнатилиб, 1,8 триллион сўмлик ҳужжатлар ижроси тамомланган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида жами 12,2 триллион сўмлик ундирувлар амалга оширилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.
Фуқароларнинг мол-мулкига дахл қилмасдан ва мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилмасдан ахборот технологиялари ёрдамида масофавий тарзда ишлайдиган 15 та туманлараро бўлимлар томонидан 621,8 мингта ҳужжат ижроси таъминланган.

Эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ҳисобига 337,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Вояга етмаган шахсларнинг моддий таъминоти учун жами 597 миллиард сўмга яқин алимент пуллари ундирилди.
Алимент тўлаш истаги бўла туриб, лекин иш бандлиги бўлмаган 5 минг 854 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 3,8 мингдан ортиқ оила яраштирилди.
Муқаддам қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 170 нафар шахс ишга тикланиб, уларга тўланмай қолган 7,4 миллиард сўмлик иш ҳақи ҳамда 487 миллиард сўмлик компенсация маблағлари ундириб берилди.
МИБга тушган 54 минг 837 мурожаатнинг 48 минг 708 таси ҳал этилди, Телеграм тармоғидаги MibuzBot канали орқали алимент ундирувлари билан боғлиқ ижро ишлари бўйича қарздор ва ундирувчилар ҳамда давлат ижрочилари ўртасида онлайн тезкор алоқа хизмати ёрдамида 2,5 мингдан ортиқ мурожаат ҳал этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА