“Индонезия овози” телерадио тармоғида ушбу мамлакат маданият вазири Фадли Зон “Имом Ал-Бухорий ва Сукарно” театр спектаклини ўзаро ҳамкорликнинг ҳақиқий рамзи сифатида юқори баҳолади.
15 апрель куни Жакартадаги Санъат биносида қўйилган ушбу асар “Bumi Burnati Foundation” томонидан Каттақўрғон театри билан ҳамкорликда тайёрланган. Мазкур саҳна ҳикоясида Ислом оламининг улуғ намояндаси ва Индонезиянинг биринчи етакчиси рамзий учрашуви ифодаланган.
– Жуда таъсирландим, тарихий ва маданий алоқаларимизни мустаҳкамловчи фавқулодда шоу бу, – деди Фадли Зон. – 2024 йил Ўзбекистонда намойиш қилинган уч спектаклнинг давоми бўлган асар Президент Сукарнонинг 1956 йил Имом Бухорий қабрига қилган тарихий ташрифини жонлантирган.
Индонезия Республикаси 5-президенти Мегавати Сукарнопутри мазкур ижодий иш “халқлар ўртасидаги тарих ва ҳурмат кўприги” эканини таъкидларкан, “санъат ва қалб сиёҳи билан ёзилган тарих” дея таърифлади. У сценарий муаллифлари Аҳмад Фавзий, Валихон Умаров ва бутун продюсерлик жамоасига алоҳида миннатдорлик билдирди.
Мамлакатимизнинг Индонезиядаги элчиси Ойбек Эшонов Бунг Карно (Сукарнонинг тахаллуси)нинг Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиши икки давлат ўртасидаги яқин муносабатнинг бошланғич нуқтаси бўлганини эслатди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА