Ренессанс таълим университети томонидан мамлакат миқёсида муҳим илмий-амалий тадбир – «Ёшлар – Учинчи Ренессанс драйвери» мавзусида республика конференцияси ўтказилди. Унда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, докторант ва талабалар иштирок этди.
Конференциянинг асосий мақсади ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларни илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга фаол жалб қилиш, таълим, фан ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига янада кенг йўл очишдан иборат. “Учинчи Ренессанс бунёдкорлари” ғояси негизида ташкил этилган мазкур анжуман ёшларни илмий изланишлар ва янгиликларга чорлаш, замонавий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умумбашарий қадриятларни уйғунлаштиришда ўзига хос интеллектуал платформа вазифасини бажаради.
Конференция ишида Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Туркия олий таълим муассасалари ва Ренессанс таълим университети вакиллари маъруза ва тақдимотлар қилдилар.
Тақдимотларда бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Қайд этилганидек, юртимиз тарихида бўлган Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққан. Эндиликда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Учинчи Ренессанс даврига асос солинмоқда. Унинг пойдеворини барпо этишда интеллектуал салоҳияти юқори, илмли ёшлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шундай экан, бугунги ёшлар илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштириши, ўз устида ишлаши лозимлиги таъкидланди.
Конференция иши ёш олим ва тадқиқотчиларнинг илмий мақолалари тақдимоти, инновацион лойиҳалар ва стартаплар кўргазмаси, мутахассислар билан очиқ мулоқотлар, маърузалар ва муҳокамалар шаклида давом этди.
Ҳар бир секцияда ёш олимлар, магистрантлар ва талабалар ўз илмий мақолалари, лойиҳалари ва таҳлиллари билан иштирок этди.
Анжуман якуни бўйича ёшларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш, ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш борасида аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/piOh1hlkhi0" title="Yoshlar – Uchinchi Renessans drayveri" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА