Май ойида илк бор Бразилияда бўлиб ўтадиган кимё фани бўйича Халқаро Менделеев олимпиадаси (ХМО-59) рекорд сондаги давлатлардан иштирокчиларни бир жойга тўплайди. Бу ҳақда Андрей Мельниченко жамғармаси бош директори Татьяна Журавлева “ТАСС” ахборот агентлигига маълум қилди.
“2025 йилда Менделеев олимпиадасида 40 та мамлакатдан ўқувчилар иштирок этади. Улар етти кун давомида вазифаларни ечади”— деди у.
2023 йилда кимё бўйича 57-Халқаро Менделеев олимпиадасида тошкентлик ўқувчилар — Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Азизбек Назаров ва 81-сонли ихтисослаштирилган мактабнинг 10-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Маҳмудовлар ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритишган эди.
Лойиҳа анъанага кўра М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг кимё факультети ва Андрей Мельниченко жамғармаси томонидан ташкил этилди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА.