Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Марказий Осиё глобал чақириқлар даврида: ОАВ стратегик ривожланиш воситаси сифатида” мавзусидаги Медиа-форум бошланди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.
Мазкур форматда иккинчи бор ўтказилаётган анжуман минтақа давлатлари ахборот вазирлари ишчи учрашуви билан очилди. Мезбон давлат маданият ва ахборот вазири Аида Балаева форум ҳамкорликка умумий ёндашув ишлаб чиқиш учун ўзига хос майдон эканини таъкидлади.
– Ахборот соҳасидаги шерикликни фаоллаштириш зарурати минтақа давлатлари раҳбарлари даражасида бир неча бор муҳокама қилинган, – деди у. – Айни пайт Марказий Осиё доирасида қўшма телеканал ва минтақавий медиа платформа ишга тушириш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Иштирокчилар гуманитар ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани, биргаликда медиа-лойиҳалар амалга оширилаётгани, маданият кунлари ўтказилаётгани, телекўрсатувлар кўлами кенгайиб бораётгани, ижодий индустрия ривожланаётгани, нохолис ахборот тарқатишга қарши кураш изчил тус олганини таъкидладилар.
Форумда Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Буюк Британия, Хитой, Қатар, Россия каби мамлакатлардан сиёсатчи ва журналистлар, медиа корхоналар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва нуфузли экспертлар – жами 700 дан зиёд мутахассис қатнашмоқда.
Анжуманда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, рақамли трансформациянинг минтақавий ахборот маконига таъсирини ўрганиш, шунингдек иқлим ўзгариши ва геосиёсий беқарорлик каби глобал муаммоларни таҳлил қилиш кўзда тутилган.
М.Пирматова, ЎзА