Юксак экологик маданият ва билимга эга бўлиш бугунги аянчли экологик вазиятларда ўта долзарб аҳамият касб этади.
Ер юзининг барча нуқтасида инсониятнинг ҳаёти, турмуш тарзи ва саломатлигига жиддий таъсир кўрсатувчи турли экологик муаммолар бўй кўрсатмоқда. Тоза ичимлик сувининг танқислиги, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, чиқиндиларнинг ҳаддан зиёд ошиб кетаётгани, тупроқ деградацияси, чўлланиш, шўрланиш, яшилликнинг камайиб бориши – буларнинг барчаси инсоният олдидаги чегара билмас муаммолар. Бу каби мушкул вазиятларни юмшатиш, имкони борича бартараф этишга уринишлар бўлмоқда. Аммо табиатга кўп йиллар, асрлар давомида етказилган зиён-заҳматлар оқибати ўз сўзини айтмоқда.

Ана шундай вазиятда инсониятнинг экологик маданияти, табиат билан тиллашишга оид билим ва кўникмалари бироз бўлса-да асқатади. 15 апрель дунё миқёсида «Экологик билимлар куни» сифатида белгиланганининг моҳиятида ҳам дунё аҳолисининг экологик маданиятини юксалтириш мақсади мужассам.
Таъкидлаш жоизки, ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари томонидан қатор тарғибот тадбирлари, учрашувлар ташкил этилди. Хусусан, партия ҳамда Тошкент шаҳридаги Геология фанлар университети ҳамкорлигида «Ёшларда экологик билим ва маданиятни шакллантириш» мавзусида ўтказилган давра суҳбати ҳам «Экологик билимлар куни»га бағишланди.

Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бахриддин Ҳофизов иштирок этиб, ҳозирги глобаллашув жараёни, техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган асрда экология, биохилма-хилликни асраш, табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммолар долзарб вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Тадбирда ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, уларни экология соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқлар билан таништириш алоҳида аҳамият касб этиши, бу ҳаракатлар мамлакатимизда экология йўналишида олиб борилаётган ишларда ёшларнинг ўрни ва ролини оширишга хизмат қилиши тўғрисида сўз юритилди.

Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик маданиятини ошириш авж олиб бораётган экологик муаммоларни юмшатишда ҳал қилувчи ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
Дарҳақиқат, бугунги ёш авлод эртага шу заминнинг эгаси, барча соҳани ҳаракатга келтирувчи кучи бўлади. Уларда табиат билан муносабатда эҳтиёткор бўлиш, табиий ресурсларни асраб-авайлаб ишлатиш кўникмасининг шаклланиши эса экологияни асрашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА