Бугун Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида тоза чарм маҳсулотлари, шу жумладан, пойабзал ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланади. Қуёшли ўлкамизда терини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт қилиш бўйича кўрилган муҳим чора-тадбирлар натижасида маҳаллий корхоналаримиз томонидан бир йилда 200 миллион жуфтдан зиёд пойабзал тайёрлашга эришилди. Муҳими нафақат сон жиҳатдан, балки сифат борасида ҳам маҳсулотларимизда ўсиш кузатилди.
Соҳадаги туб ислоҳотлар мевасини жорий йилнинг 16-18 апрель кунлари “Ўзэкспомарказ” павильонларида бўлиб ўтаётган “UzCharmExpo-EurAsia-2025” чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл ҳамда маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг 18 - халқаро кўргазмасида яққол кўриш мумкин. Шу билан бирга мазкур тадбир дунё чарм саноатининг етакчи ишлаб чиқарувчилари учун ҳам муҳим платформага айланди.
Кўргазма ташкилотчилари “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси ва “Халқ банки” томонидан иштирокчилар маҳсулотларининг намойиши ва ўзаро шартномалар тузишлари учун барча шароитлар яратиб берилди. Мақсад мамлакатимиз корхоналарининг ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириш, инвестициялар оқимини кенгайтириш ва чарм саноатига қатор хорижий йирик сармоядорларни жалб қилиш ҳамда халқаро брендлар билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйишдан иборатдир.
- Биз кўргазмани ташкил қилганлари учун ўзбек қардошларимизга миннатдорчилик билдирамиз, - дейди кўргазма иштирокчиси туркиялик Бишар Муян. - Корхонамиз Навоий вилоятида жойлашган. Ҳозирда маҳсулотларимиз тўлиқ экспортга йўналтирилган. Келгусида ишлаб чиқаришни 700 минг жуфтга етказсак, албатта пойабзалларимизни ички бозорларга ҳам чиқарамиз. Ҳозирда текстиль ва пойабзал ишлаб чиқариш корхоналаримизда 450 нафар ишчи ишлайди ва келажакда яна иш ўринларни кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Бундан беш йил аввал юртимизда 70.5 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилган бўлса, бугун бу рақам 3 баробарга кўпайди ва экспорт қилинаётган мамлакатлар сони 12 тадан 40 тагача кенгайди. Бу муддат ичида умуман чарм маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробарга ошди ва даромад ҳам шунга яраша бўлмоқда.
Бу халқаро бозорда миллий маҳсулотларга бўлган талабнинг ошиб бораётганини ва янги ҳамкорлик алоқалари ўрнатилаётганини кўрсатиб беради.
Кўргазмада халқаро ва маҳаллий йирик ишлаб чиқарувчилар иштирок этмоқда. Масалан, дунёга машҳур Италия, Туркия, Эрон, Хитой, Россия ва Марказий Осиё давлатларидан келган 200 га яқин компаниялар инновацион маҳсулотларини таклиф этишди.
Кўргазмада яшил технологиялар, қайта ишлаш ва атроф - муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган эко маҳсулотлар ҳам намойиш қилинмоқда. Шу билан бирга чарм-пойабзал саноатидаги асосий муаммолар ва уларга ечимлар муҳокама этилди.
Хуллас бундай намойишларда қатнашиш корхоналарга янги бозорларга чиқиш ва халқаро ҳамкорликларни кенгайтиришга кенг йўл очиб беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7mk4PhWng1Y" title="Oʻzbekiston charm-poyabzal ishlab chiqarishda yetakchimamlakat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА