Пойтахтимиздаги «Заковат арена» биносида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган «Келажак муҳандислари» халқаро фестивали ўз ишини бошлади.
“Янги авлод муҳандислари – янги давр технологиялари!” шиори остида ўтаётган мазкур фестиваль доирасида 11 турдаги мусобақа, 10 га яқин мавзуда семинар-тренинг, маҳорат дарслари ўтказилади.
Фестивалда 2000 нафарга яқин ёшлар ва 10 нафардан ортиқ хорижлик экспертлар иштирок этмоқда.
[gallery-22820]
Тадбирда қайд этилганидек, жорий йилнинг апрели «Муҳандислик ойлиги» деб эълон қилинган бўлиб, ёш муҳандисларнинг салоҳиятини ривожлантириш, улар орасида илмий ва технологик тафаккурни тарғиб қилиш ҳамда халқаро миқёсда ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали ҳам шу ойликнинг энг йирик тадбирларидан биридир.
«Келажак муҳандислари» фестивали келажакни бугундан яратадиган ижодкор ёшлар учун инновацион платформа бўлиб хизмат қилади. Сабаби фестиваль иштирокчилари ўз ихтироларини тақдим этиш, амалий тажрибага эга бўлиш ва халқаро экспертлар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади.
Фестиваль доирасида роботлар, авиация мусобақалари, саноат муаммоларига қаратилган ечимлар хакатони, 3D моделлаштириш танлови, муҳандислик ишланмалари кўргазмаси намойишлари ҳамда турли хил семинар ва маҳорат дарслари бўлиб ўтади.
Фестиваль мусобақалари ғолибларига эсдалик совғалар, сертификат ва махсус кубоклар тақдим этилади.
Гулноза Бобоева, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА