Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатидаги фабрикалардан бирида юз берган портлаш оқибатида камида саккиз ишчи ҳаётдан кўз юмди, етти нафар инсон жароҳатланди. Бу ҳақда “The Times of India” нашри хабар тарқатган.
Маҳаллий полиция маълум қилишича, бахтсиз воқеа Амаравати шаҳридан 303 километр шимоли-шарқда жойлашган Кайласапатнам қишлоғида кузатилган. Жабрланганлар яқин атрофдаги шифохонага етказилган.

Дастлабки тергов натижаси фожиа корхонанинг портловчи моддалар сақланадиган омборида содир бўлгани, ёнғин тезда бутун бинони қамраб олгани ҳақида хулоса чиқарган.

Ўт ўчириш хизмати ходими Ниранжан Редди портлаш ва ёнғинга ишчилар эҳтиётсизлиги сабаб бўлганини айтди.