
Футбол бўйича Осиё қитъасида Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон терма жамоаси БАА ва Қатар термаларига қарши ўйин ўтказади.
Осиё футбол конфедерацияси мазкур ўйинлар бўлиб ўтадиган стадион ҳамда учрашув вақтларини маълум қилди. Унга кўра, БАА — Ўзбекистон ўйини 5 июнь куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да Абу Дабидаги “Al Nahyan Stadium” стадионида бўлиб ўтади. Саралашнинг сўнгги учрашувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 10 июнь куни Қатар термасига қарши майдонга тушади. Ўйин “Бунёдкор” стадионида соат 18:45 да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, саралаш баҳсларининг 8-тур учрашувлари якунига кўра, “А” гуруҳида Эрон 20 очко жамғариб, биринчи ўринда қолди ва ушбу терма жамоа муддатидан аввал жаҳон чемпионатига йўл олди.
Ўзбекистон термаси эса 17 очко жамғариб, иккинчи поғонадаги ўрнини янада мустаҳкамлади. БАА сафардаги ғалаба эвазига 13 очко билан учинчи ўринга жойлашди. Қатар термаси 10 очко билан, Қирғизистон эса 6 очко билан 4-5-ўринлардан силжимади. КХДР ҳамон 2 очко билан сўнгги поғонада бормоқда.

Агарда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 9-турда БААга қарши ўтадиган сафар ўйинида ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба ёки дуранг қайд эта олса, Жаҳон чемпионатига йўл олади. Агар кутилмаганда мағлуб бўлсак, гуруҳдаги сўнгги учрашувда, аниқроғи Қатарга қарши Тошкентда ўтадиган ўйинда албатта ғалаба қозонишимиз керак бўлади. БАА эса ўша куни сафарда Қирғизистон билан рақобатлашади.
Умид қиламизки, ҳаммаси БАА термасига қарши ўтадиган ўйинда ижобий ҳал этилади ва футболимиз тарихида яна бир қувончли натижа зарҳал ҳарфлар билан ёзилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА