Энг яхши шеър Ватан туйғуси мадҳ этилганидир. Энг яхши қўшиқ юрт ҳақидагисидир. Энг яхши асар халқпарварлик илгари сурилганидир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов бир гуруҳ ижодкорлар билан учрашди. Мулоқот давомида бугун шу юрт, шу эл тақдирига дахлдорлик ҳиссини оширувчи, қалблардаги олий туйғуни жўш урдирувчи ижод намуналарига эҳтиёж катталиги таъкидланди.

Бугунги ислоҳотлар, шиддатли жараёнлар, халқ манфаати йўлидаги янгиланишу, ўзгаришлар шеърларда, асарларда ўз ифодасини топиши зарурлиги айтилди.
Зеро, адабиёт шу қадар қудратли кучки, Ватан ҳақида ёзилган шеърнинг бир мисрасини эшитиб, Ватан ҳақидаги асарнинг бир жумласини ўқиб, ҳар биримиз шу юртга тегишли эканимизни, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш эзгу мақсадимиз эканини янада теранроқ идрок этамиз.

Мулоқот давомида сўзга чиққанлар мактаблар, ҳарбий кисмларда, олий таълим даргоҳларида ҳам Ватанимиз мадҳ этилган бундай ижод намуналари баралла янграши зарур экани таъкидланди.
Учрашув давомида Республика Маънавият ва маърифат маркази Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ижодкорларининг бу борадаги ғоя ва тавсияларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Ҳамкорлик бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова, ЎзА