
Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғида VII Тошкент халқаро марафони старт олди. Унда иштирокчилар марафон (42 км.), ярим марафон (21 км.) ва 10 км. масофага югуриш трассаларида “Янги Ўзбекистон” боғига туташ йўл бўйлаб югуради. 3 км. масофага югуриш эса бевосита боғ ҳудудида ташкил этилмоқда. Унда жами 9000 нафардан ортиқ, шу жумладан, 51 давлатдан 1246 нафар хорижлик профессионал спортчилар ва ҳаваскор югурувчилар иштирок этаётир.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, VII Тошкент халқаро марафонининг мукофот жамғармаси 639 миллион сўмни ташкил этади. Бунга қўшимча равишда эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон миллий рекордини ўрнатганларга 15 миллион сўм, ярим марафон масофасида эса 10 миллион сўм ажратилади.


Марафонда барча хоҳловчилар, фуқаролигидан қатъи назар профессионал спортчилар ҳам, ҳаваскорлар ҳам иштирок этишлари мумкин. 42 км. (марафон), 21 км. (ярим марафон), 10 км., 3 км. масофаларга югуриш ҳамда шимолий юриш мусобақаларида 15 ёшдан ошган эркаклар ва аёлларнинг иштирок этишларига рухсат берилди.
Марафон Ўзбекистон спорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамда Марказий Осиё енгил атлетика уюшмаси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар томонидан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.


Маълумот учун, Тошкент марафони халқаро спорт тадбири сифатида тан олинган ва World Athletics (Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси) мусобақалари тақвимига киритилган. Марафоннинг янгиланган трассаси AIMC (Халқаро марафонлар ва оммавий югуриш мусобақалари ассоциацияси) томонидан «А» тоифадаги расмий трасса ўлчовчиси иштирокида сертификатлашдан ўтказилди. Бу эса унинг жаҳон стандартларига мувофиқлигини кафолатлайди.
Жавоҳир Тошхўжаев, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА