
Бугун —"Халқаро космонавтика куни"
Машҳур санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг "Олтин қанот қушлар учсин, қушлар учсин, Бизни мудом бахтлар қучсин, бахтлар қучсин" қўшиғини ҳалигача халқимиз севиб тинглайди. Ҳофизнинг "Олтин қанот қушлар учсин" қўшиғи айнан осмонни забт этган космонавтларга бағишланган. Ушбу қўшиқни машҳур космонавт Солижон Шарипов ҳам космосда туриб эшитганлигини фахр билан эслайди.
Ҳар йили апрель ойининг иккинчи ўн кунлигида дунё цивилизацияси тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири, инсоният томонидан космосни ўзлаштириш эрасининг бошланиши ва ХХ асрнинг кашфиёти дея таърифланувчи "Халқаро космонавтика куни" кенг нишонланади.
Яъни, 1961 йил 12 апрель санасида сайёрамизнинг биринчи космонавти, афсонавий ҳарбий учувчи Юрий Алексеевич Гагарин илк бора "Восток" номли космик кемада Қозоғистон ҳудудида жойлашган "Бойқўнғир" космодромидан 108 дақиқа давом этган ер шари атрофидаги орбитал парвозини амалга оширган.
Мазкур тарихий воқеа космик тадқиқотлар соҳасида катта имкониятларни очиб берди. 1962 йилдан бошлаб бу сана космонавтика куни сифатида кенг нишонланадиган бўлди. Аҳамиятлиси, 2011 йилнинг 7 апрелидаги БМТ резолюцияси орқали эса ташкилот Бош ассамблеяси 12 апрелни халқаро космонавтика байрами сифатида нишонлаш ҳақидаги қарорни қабул қилди.

Қолаверса, олимлар айни шу санани фазони ўзлаштириш бўйича АҚШнинг Space Shuttle шатллар парвози лойиҳаси ҳам амалга ошгани билан боғлашади. Таъкидланишича, Жон Кеннеди номли космик парвозлар марказидан старт олган космик кема икки кун ва олти соатдан сал кўп вақт мобайнида очиқ фазода учган ва яна Эдвардс ҳарбий базасига қайтиб келиб қўнган.
Шу воқеалар сабаб жаҳон майдонида космик тадқиқотлар жадал суръатлар билан ривожланиб борди ва космонавтика – фан ва амалий фаолият соҳаларининг ўзига хос синтезига айланди. Яъни, космик тадқиқотлар коинот, ер, сайёраларнинг келиб чиқиши каби билимларни ривожлантириш учун улкан назарий ва экспериментал маълумотлар берди.
Космос – тиббиёт, биология, материалшунослик, сайёралар атмосфераси ва қаъри кимёси, астрогеология ва бошқа кўплаб илмий фанлар мажмуаси яратилишига сабаб бўлди. Космик тадқиқотлар асосида бир қатор илмий ва амалий соҳалар ва технологиялар шаклланди. Масалан, ерни масофадан туриб зондлаш ва сунъий йўлдош навигацияси, дунё ахборот ресурсларига уланиш, рақамли эшиттириш, алоқа, кузатув хизматларининг жадаллашиши, сунъий йўлдош мобил телефонияси, интернет ва маълумотларни онлайн узатиш имкониятлари яратилди.
Халқаро космонавтика куни мамлакатимизда ҳам ҳар йили кенг нишонланади. Сабаби, Ўзбекистон учун бу соҳа бегона эмас. Хусусан, Қозоғистондаги "Бойқўнғир" космодроми қурилишида ўзбеклар фаол иштирок этган. У ерга бизнинг алоқачиларимиз, қурувчиларимиз ва бошқа мутахассисларимиз юборилган.
Қайси сайёрага Жонибеков номи берилган?
Қайд этиш лозим, фазони тадқиқ этишда Ўзбекистон космонавтларининг ҳам иштироки салмоқли бўлган. Ўзбекистонда туғилган совет космонавти, авиация генерал-майори, Совет иттифоқининг икки карра қаҳрамони ва кема командири сифатида 5 маротаба космик парвозни амалга оширган энг тажрибали учувчи, космонавт Владимир Александрович Жонибеков — бизнинг ватандошимиздир.
У коинотда 145 кун 15 соат-у 58 дақиқани муваффақиятли ўтказган. Хаттоки, Жонибеков номи билан 3170-сонли кичик сайёра ҳам номланган.
Солижон Шарипов коинотда 10 соат бўлган
Шу билан бирга, Россия Федерацияси ва Қирғизистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасининг "Буюк хизматлари учун" ва "Амир Темур" орденлари совриндори, дунёнинг 372-, Россиянинг 88- ва биринчи ўзбек космонавти Солижон Шокирович Шариповни ҳам айтиб ўтиш лозим.
У 1998 йилда SpaceShuttleIndevor космик кема командири сифатида илк парвозни амалга оширган ва умумий ҳисобда 10 соат давомида очиқ коинотда бўлган.
Космик саноатга хизмат қилган завод ва ташкилотлар
Улардан бири ТАПОиЧ номи остидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси эди. 1977- йилдан 1987- йилгача заводда космонавтларни вазнсизлик шароитида синаб кўриш учун бир нечта ИЛ-76 МДК лаборатория самолётлари қурилган. Ушбу самолётларда юздан ортиқ совет, рус ва хорижий космонавтлар тайёрланган. Заводга кўплаб астронавтлар ташриф буюришган, улар самолётларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича маслаҳат беришган.
Тошкент машинасозлик конструкторлик бюроси
1978 йилда Москва бош машинасозлик конструкторлик бюросининг Тошкентдаги филиали ҳам расман очилган. Бюро Ой ва Венерани тадқиқ қилиш, космик маҳсулотларни (шу жумладан диаметри 30 метргача бўлган антенналарни) ишлаб чиқиш, тайёрлаш, синовдан ўтказиш, тўлиқ ўлчамли стандарт намуналарни йиғиш ва синовдан ўтказиш учун асбоблар ва жиҳозларни ишлаб чиқиш билан шуғулланган.
“Композит” тажриба-синов заводи
1981 йилда Чирчиқда ТошКБМ филиали – «Композит» тажриба-синов заводи ташкил этилган. У композит материаллардан космик тузилмалар учун ноёб қисмлар ва конструкцияларни ишлаб чиқарар эди. Завод композицион шишапластик ва углепластик ҳамда улардан қилинадиган маҳсулотлар тайёрлаган. Енгил, аммо пўлат каби кучли материаллардан аэрокосмик, ҳарбий ва автомобил саноатида кенг қўлланилган.
Тошкент космик асбобсозлик илмий-тадқиқот институти
1988 йилда Москва космик марказларидан бирининг филиали сифатида Тошкент космик асбобсозлик илмий-тадқиқот институти (ТашНИИКП) иш бошлаган. Олийгоҳ ҳарбий коинот йўналишлари билан шуғулланган. Қолаверса, табиий ресурсларни аниқлаш ҳамда хўжалик ва экологик фаолиятни таҳлил қилиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудининг сунъий йўлдош тасвирларини қайта ишлаш билан ҳам шуғулланган.
Соҳа ривожи учун муҳим ҳисобланган яна билтта объект эса бу “Невич” йиғилиш-синов мажмуаси бўлган. 1980-йилларнинг бошларида Тошкент вилоятининг Паркент туманида ТашКБМнинг «Невич» йиғилиш-синов полигони қурилган. У ерда кўп сонли стендлар ва механик корпуслар, радиотелеметрик ва бошқа ўлчаш ускуналари, йиғиш цехлари ва устахоналари бўлган ноёб экспериментал иншоотлар яратилган ва синовдан ўтказилган.
“Суффа” расадхонаси ва радиотелескопи
1982 йилда Ўзбекистонда, Жиззах вилояти Зомин туманидаги Суффа платосида радиоастрономия расадхонаси қурилиши бошланган. Унинг асосий объекти 70 метрли радиотелескоп бўлиб, у миллиметр диапазонидаги космик нурланишни ҳам аниқлай оладиган ноёб ускунадир. Шунга ўхшаш восита фақат Сан-Диегода (АҚШ) мавжуд бўлган.
Расадхона коинотда илмий тадқиқотлар олиб бориш ва бу борадаги халқаро дастурларда ҳамкорлик қилиш учун қурилган. СССР парчаланиши туфайли қурилиш музлатиб қўйилган, аммо 2018 йилда у қайта тикланган.
Нигора Раҳмонова, ЎзА