Фармацевтика соҳаси инсон саломатлиги билан боғлиқ энг муҳим тармоқдир. Бугунги кунда дунё миқёсида дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳажми ортган.
Жумладан, юртимизда ҳам бу соҳа жадал ривожланиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 2018 йилда 10 мингдан ортиқ дорихоналар мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 18 мингдан ошган. Шунингдек, дори воситаларига оид рекламалар ҳам кўпайиб кетмоқда. Бу эса рекламага оид қонун талабларига риоя қилиш заруратини оширади. Агар қонунга амал қилинмаса, дори воситалари аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб қўйиши мумкин. Айниқса, шифокор тавсиясисиз, турли тарғибот ва рекламаларга ишониб, дори воситаларини сотиб олиш ва истеъмол қилишга мойиллик кучайиб бораётган бир пайтда бу жуда долзарб масалага айланди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг халқ депутатлари Тошкент шаҳар, Фарғона ва Тошкент вилоят Кенгашларидаги депутатлари “Реклама тўғрисида”ги қонунда дори воситаларининг рекламасига оид назарда тутилган талабларга риоя этилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганди.
Бугун партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ўрганишлар натижалари “Жамоатчилик эшитуви” тартибида муҳокама қилинди.
[gallery-22769]
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда дори воситалари рекламаси “Реклама тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Қонунчиликка кўра, фармацевтика корхоналари ўз реклама кампанияларини икки йўналишда амалга оширади. Мазкур Қонуннинг 18-моддасига биноан рецепт бўйича бериладиган дори воситаларининг реклама қилинишига, уларнинг оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернетда ёки ташқарида рекламасига йўл қўйилмайди. Бироқ ўрганишлар жараёнида ушбу чекловларга жиддий риоя қилинмаётгани аниқланган.
– Тошкент шаҳридаги юздан ортиқ дорихона фаолияти яқиндан ўрганилди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Сайёра Имомова. – Хусусан, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларидаги айрим дорихоналарда рецептсиз сотилиши мумкин бўлмаган воситалар ҳақида кенг кўламли тавсиялар берилди, айрим ҳолларда ходимлар томонидан оғзаки реклама билан фуқароларни ишонтиришга уринишлар кузатилди. Шу билан бирга, дорихона расталарида “энг яхши восита”, “шошилманг – соғлигингизни сақланг!”, “кўпчилик танлови” каби баёнотлар билан тайёрланган визуал рекламалар фаол тарзда қўлланилмоқда. Ваҳоланки, бундай баёнотлар фуқаро психологиясига таъсир кўрсатиши, яъни манипулятив маркетингнинг шакли сифатида қонуннинг 6-моддасида таъкидланган “ёлғон, ошириб кўрсатувчи ва асосланмаган маълумот” сифатида баҳоланиши мумкин. Бундан ташқари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда таниқли шахслар, санъаткорлар қиёфасидан фойдаланиб, сунъий интеллект кўмагида турли дори воситаларини реклама қилиш ҳолатлари ҳам учраяпти.
Муҳокамаларда сўзга чиққанлар дори воситаларининг рекламаси тартиби, сотуви борасидаги ҳуқуқий асосларнинг ижросини амалда тўлиқ таъминлаш учун жамоавий ва тизимли ҳаракат зарурлигини таъкидлади.
Муҳокамалар якуни бўйича мутасадди вазирлик-идоралар учун биргаликда таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш, барча ҳудудларда партия фаоллари, депутатлар ҳам аҳолининг кенг вакиллари иштирокида депутатлик ва жамоатчилик назорати тадбирларини кучайтиришга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА