Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Қонун ижодкорлиги жараёни сифатини оширишнинг долзарб вазифалари” мавзусида семинар ўтказилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги мутасаддилари ҳамда қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этадиган вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Семинарда қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари ва Қонунчилик палатаси қўмиталари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Президентимиз 2024 йил 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисидаги нутқида парламентнинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати йўналишидаги фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида вазирлик ва идораларда раҳбар ўринбосарларини қуйи палата қўмиталари билан доимий ҳамкорлик учун масъул этиб бириктириш таклифини илгари сурган эди.
Ўтган даврда ушбу тизимнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. Хусусан, Қонунчилик палатасининг Ҳаракат дастури тасдиқланиб, унда ушбу масалалар алоҳида мустаҳкамланди. Қонун ижодкорлиги, парламент назоратини амалга ошириш, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва бартараф этишда юқоридаги ҳамкорликка асосланадиган мутлақо янги тизим амалиётга жорий этилди. Қонунчилик палатасининг қўмиталарига тегишли соҳалар бўйича вазир ўринбосарлари бириктирилди.
Семинарда Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги борасидаги фаолияти сифатини ошириш, бунда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулиятини кучайтириш лозимлиги қайд этилди. Халқчил ва ҳаётий қонунларни қабул қилишда қуйи палата ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг ҳамкорлигини янада жонлантириш зарурлиги таъкидланди.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга оширишнинг аниқ тартиблари белгиланган. Қонун лойиҳаларини қуйи палатага киритишда ушбу тартибларга амал қилиш, жумладан, қонун лойиҳаларининг концепциясида белгиланган мақсад-вазифаларга мос бўлишини таъминлаш, ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан кўзланган натижага эришиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш зарурлиги таъкидланди.
Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг янги, демократик шаклларини жорий этиш, лойиҳаларни кенг жамоатчилик вакиллари ва экспертлар доирасида муҳокамалардан ўтказиш, шунингдек, уларнинг халқаро шартнома ва рейтингларга мослигини ўрганишга устувор аҳамият қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Семинарда таъкидланганидек, айрим ҳолларда Президент қарор ва фармонларида назарда тутилган қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритиш муддатлари кечикиб кетмоқда. Баъзи қонун лойиҳаларини эса концептуал жиҳатдан жиддий камчиликлари туфайли бутунлай қайта ишлаб чиқишга ёхуд ташаббускор субъектга қайтаришга тўғри келмоқда. Масалан, ўтган 2024 йилда 9 та қонун лойиҳаси ташаббускорларга қайтарилган.
Айрим қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмасдан ёки вазирлик ва идораларнинг хулосасини олмасдан Қонунчилик палатасига киритилмоқда. Лойиҳалардаги бу каби камчиликлар эса парламент вакилларининг кўпроқ ғоя билан эмас, балки юридик-техник расмийлаштирув ишларига вақт сарфлашига олиб келади.
Семинар давомида қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уни палатага киритишда тизимли муаммо ва камчиликларнинг олдини олиш, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимларининг лойиҳаларни сифатли тайёрлаш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, қонун ижодкорлиги жараёнида Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, кун тартибидаги масала секцияларга бўлинган ҳолда атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчиларга қонун лойиҳаларини тайёрлашда амалиётни, олим ва экспертларнинг фикрлари ҳамда халқаро тажрибани ўрганиш борасида қатор таклиф-тавсиялар берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/AwFLHOzrwh4" title="Qonun ijodkorligi jarayonidagi hamkorlik, sifat va mukammallik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Анвар Аҳмедов (видеомонтаж), ЎзА