Пойтахтимизда “Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг замонавий ютуқлари ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида VII халқаро форум бўлиб ўтмоқда.
Тошкент давлат стоматология институти томонидан ташкил этилган бу нуфузли тадбирда мамлакатимиз ҳамда Германия, Россия ва Қозоғистоннинг тиббиёт йўналишидаги илмий марказлари академик ва профессорлари, етакчи олий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари қатнашяпти.
Анжуманда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамоат саломатлиги ва унга таъсир этувчи хавфларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш, тиббиёт ходимларининг узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилмоқда.
***
Шунингдек, пойтахтимизда “Акушерлик ва гинекологиянинг долзарб масалалари” мавзусида IV ёшлар илмий-амалий конференцияси ҳам ўтказилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли анжуманда вазир ўринбосари Элмира Боситхонова, муассаса директори Наталья Надирханова, соҳанинг етук мутахассислари, олимлар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбирда Россиянинг Урал она ва чақалоқларни парвариш қилиш илмий-тадқиқот институти, Д.О.Отт номидаги акушерлик, гинекология ва репродуктология илмий-тадқиқот институти, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети, Беларусь Республикаси она ва бола илмий-амалий маркази ҳамда Тожикистон соғлиқни сақлаш соҳасида дипломдан кейинги таълим институтининг ёш тадқиқотчилари ва олимлар ўз маърузалари билан қатнашяпти.
***
Миллий тиббиёт марказининг малакали нейрохирурглари томонидан 65 ёшли беморга мураккаб операция муваффақиятли амалга оширилди.
Бемор умуртқа поғонасининг 10-11-кўкрак соҳасида аниқланган стеноз ташхиси билан шифохонага ётқизилган эди. Замонавий технологиялар асосида ўтказилган жарроҳлик амалиёти натижасида орқа мия босимидан халос бўлган беморнинг умумий аҳволи барқарорлашди.
Мазкур операция Марказда нейрохирургия соҳасида юқори даражадаги малака ва тажриба мавжудлигини яна бир бор тасдиқлайди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мутахассислари Австриянинг Вена шаҳрида “Waters Corporation” компанияси офисида ўтказилаётган чуқурлаштирилган лаборатория тренингларида иштирок этмоқда. “Waters Corporation” – дунё миқёсида суюқлик хроматографияси, масс-спектрометрия ва бошқа замонавий таҳлил усуллари бўйича етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Ушбу компания томонидан ишлаб чиқариладиган асбоб-ускуналар фармацевтика, биотехнология, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик соҳаларда кенг қўлланилади. Мазкур тренинг замонавий лаборатория ускуналари ва таҳлил усулларидан фойдаланиш бўйича иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган.
Айтиш жоиз, ушбу малака ошириш дастури Марказ мутахассисларига замонавий таҳлил технологияларини чуқур ўзлаштириш, халқаро стандартлар асосида ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда илмий-амалий фаолият самарадорлигини янада ошириш имконини беради.
***
Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Фозилтепа кўчаси, 18-уй 1-хонадон манзилида жойлашган “Asna medline star” МЧЖга тегишли дорихонанинг лицензия талаб ва шартларини бузганлиги ҳолати аниқланди.
Тегишли мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган 5 турдаги дори воситасини сақлаётган ва реализация қилаётган “Asna medline star” МЧЖнинг лицензияни бекор қилиш тўғрисида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди. “Asna medline star” МЧЖга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2020 йил 24 июлда берилган 222-сонли лицензия бекор қилинди.
Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, мазкур дорихона лицензияси тугатилган дорихоналар манзиллари ва қонун бузилишларига бевосита алоқадор ходимлар (провизорлар, фармацевтлар)нинг ягона реестрига киритилди.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Ҳиндистоннинг энг йирик фармацевтика компанияларидан бири “MSN Group” раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида компания вакилларига Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, тармоқни тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвесторлар учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
“MSN Group” Ҳиндистонда тез ривожланаётган ва инновацион тадқиқотларга асосланган фармацевтика компанияси ҳисобланади. Компания 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, дунё бўйлаб юқори сифатли ва дастурий маҳсулотларни арзон нархларда тақдим этишни мақсад қилган. Компания 22 та замонавий ишлаб чиқариш мажмуасига эга (15 та API ва 7 та тайёр доза мажмуаси), жумладан Америка Қўшма Штатларида ўз ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд. 450+ API ва 300+ тайёр доза маҳсулот портфелини таклиф этади. Онкология, кардиология, диабет ва бошқа терапевтик йўналишларда фаолият юритади.
Шу билан бирга, Ҳиндистон томони Ўзбекистон фармацевтика бозорига катта қизиқиш билдираётгани, маҳаллий имкониятлар ўрганилаётганини таъкидлади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА