Самарқанд вилоят прокуратураси ҳамда Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат тизимини бошқариш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди.
Вилоят даражасидаги 74 та идора ва ташкилотдан минг нафардан ортиқ ходим жалб қилинган ўқувда мутахассислар томонидан коррупция тушунчаси, унинг келиб чиқиш сабаб ва оқибатлари, унга қарши курашиш тизимини янада ривожлантириш борасида бажарилиши зарар бўлган ишлар хусусида тушунча берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва ҳудудий кенгашларнинг асосий вазифаларига тўхталиб ўтилди.

– Ўқув машғулотлари икки босқичда олиб борилди, – дейди вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Илёс Ҳалматов. – Биринчи босқичда шаҳар ва туманларда фаолият кўрсатаётган идора ва ташкилотлар ходимлари қатнашди. Машғулотларда берилган мавзуларни янада кенг тарқатиш мақсадида Самарқанд давлат университети билан ҳамкорликда ўқув қўлланма ишлаб чиқяпмиз. Бу нафақат ишчи ходимлар ҳушёрлигини оширишга, балки аҳолининг ҳам коррупцион ҳолатларга аралашувининг олдини олишга хизмат қилади. Ўқув курсларига вилоятдаги олий таълим муассасаларидан 30 нафарга яқин сиёсатшунос, ҳуқуқшунос, филолог ва бошқа йўналишлар бўйича малакали профессор-ўқитувчилар жалб қилинди.
Машғулотлар якунида тингловчилардан тест синовлари олиниб, ҳар бир идора ходимининг коррупцияга оид қонунларни билиш даражасига баҳо берилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари