Яқинда “Ўзбекнефтгаз“ акциядорлик жамияти ходимлари хизмат сафари билан Германияда бўлди.
Ташриф давомида делегация “ARIT Sicherheitstechnologien GmbH” ва “Industrie-Electronic GmbH & Co. KG” компанияларининг саноат алоқалари ҳамда хавфсизлик соҳасидаги замонавий ечимлари билан яқиндан танишди.

Сафар доирасида “Industronic” компанияси томонидан ишлаб чиқилган “INTRON-X” номли замонавий IP платформаси намойиш этилди. Ушбу қурилма диспетчерлик алоқаси, корхона ҳудудида овозли эълонлар узатиш ва фавқулодда ҳолатлар тўғрисида огоҳлантириш вазифаларини бажариш имкониятига эга.
Ўзбекистон делегацияси ушбу қурилманинг ишлаш механизми, жорий этиш, ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш жараёнлари билан танишди. Маълум қилинишича, “INTRON-X” қурилмалари дунё миқёсидаги “SaudiAramco”, “BASF”, “Chevron”, “Лукойл“ каби етакчи компаниялар томонидан ҳам муваффақиятли қўлланилмоқда.

Шу каби саноат ускуналари Ўзбекистондаги қатор йирик корхоналарда ҳам самарали фойдаланилаётгани таъкидланди. Жумладан, «Навоийазот» АЖ, «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖ, «Ўзбекистон металлургия комбинати» АЖ, «Uzbekistan GTL» МЧЖ ва «Uz-Kor Gas Chemical» МЧЖ каби объектларда ушбу тизимлар амалиётга жорий қилинган.
Ташриф якунида «Ўзбекнефтгаз» АЖ вакиллари саноат алоқаларини ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш ва замонавий ечимларни жорий этиш борасидаги ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
“Ўзбекнефтгаз“ АЖ ахборот хизмати хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 августдаги 361-сонли қарори ижроси доирасида жамият таркибида “Safety Monitoring Center” – Хавфсизлик мониторинги маркази ташкил этилмоқда. Ушбу марказ орқали хавф ёки фавқулодда ҳолатлар тўғрисида автоматлаштирилган огоҳлантириш тизимини самарали ишлатиш кўзда тутилган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА