Ички ишлар вазирлиги Академиясида Ўзбекистон волейбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Ҳисобот-сайлов конференциясида Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон волейбол федерацияси, Ёшлар агентлиги, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ташкилот ва бошқармаларнинг бошлиқлари, волейбол бўйича мураббийлар, мутахассислар, спортчилар иштирок этди.

Йиғилиш давомида мамлакатимизда олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш, аҳоли ўртасида оммавий спортни, хусусан волейболни кенг тарғиб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш тизимига оид амалга оширилаётган ишлар, қилиниши зарур бўлган вазифалар таҳлил этилди.

Конференцияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Мутахассис ва мураббийларнинг таклифи ва делегатларнинг овоз бериши натижасида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов мамлакат волейбол федерациясининг раиси этиб сайланди.

Тадбир якунида жорий йилдан “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт ўйинлари тизимида волейбол бўйича ўтадиган “Ички ишлар вазирлиги кубоги” ўйинларига старт берилди.
Т.Рўзиев, ЎзА