Самарқандда соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар эрта тонгдан бошланди.
Вилоят ва шаҳар масъуллари, фаоллар анъанага кўра, дастлаб, Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар. Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг шаҳар марказидаги Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
1996 йилда соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан шаҳар марказида унинг салобатли ҳайкали ўрнатилиб, мақбара ва унинг атрофи обод қилинган эди. Айни пайтда ушбу масканлар юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонлар энг кўп келадиган сайёҳлик объектига айланган.
Самарқанддаги байрам ва муҳим саналар буюк жаҳонгир мақбараси зиёрати билан бошланади.
[gallery-22726]
– Амир Темур халқимизнинг улуғ сиймоси, аждодларимиз куч-қудрати тимсолига айланган зотдир, – дейди тарихчи олим Амриддин Бердимуродов. – Биз бугун Янги Ўзбекистонда учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишдек улуғ мақсад билан ҳаракат қилаётган эканмиз бунда иккинчи Ренессанс пайдо бўлишида мислсиз ҳисса қўшган улуғ бобомиз Амир Темурнинг илм-фан, маданият ҳомийси сифатидаги саъй-ҳаракатлари, улкан бунёдкорлик ишларидан намуна олишимиз лозим. Ана шунда орадан етти аср ўтиб, буюк жаҳонгирнинг муносиб авлодлари сифатида Ўзбекистоннинг қудрати ва салоҳиятини яна дунёга намоён этамиз.
Амир Темур таваллуд кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар таълим муассасалари, театр ва музейлар, маданият масканларида давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари