
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ва Россия Федерацияси Перм давлат ижтимоий-сиёсий тарихи архиви иштирокида видеоконференц-алоқа шаклида учрашув бўлиб ўтди.
Унда "Ўзбекистонлик меҳнат армиячиларининг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги жасорати” мавзусидаги кўчма баннер кўргазмасини ўтказиш ва “Ўзбекистонлик меҳнат армиячиларининг жасорати” мавзусидаги архив ҳужжатлари тўпламини нашрга тайёрлаш бўйича Чора-тадбирлар режаси” имзоланди.

Ҳужжатни имзолаш маросимида “Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов бошчилигидаги вакиллар ҳамда Россия Федерацияси Перм давлат ижтимоий-сиёсий тарихи архиви директори С.Неганов иштирок этди.
Мазкур имзоланган ҳужжат Ўзбекистон ва Россия архив муассасалари ўртасидаги ҳамкорликдаги ишларнинг сифатли амалга оширилиши ҳамда ҳар икки томонда архив иши соҳасини янада кенгайтириш учун замин яратади.

Шунингдек, “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов "Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида бирдамлик" мавзусидаги халқаро конференсия доирасида Бирлашган Араб Амирликлари делегацияси иштирокида ўтказилаётган муҳокамада иштирок этди.
Учрашув давомида Ўзбекистон миллий архивлари учун янги, замонавий бино қурилиши лойиҳаси муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда миллий архивлар учун янги бино қуриш лойиҳаси Бирлашган Араб Амирликлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА