
-
ЕИ Россияга қарши санкцияларни сақлаб қолади

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Европа давлатлари етакчилари ва Канада раҳбарининг Украина бўйича Париждаги учрашувидан сўнг ЕИ Россияга қарши санкцияларни сақлаб қолишини таъкидлади.
– Биз Россияга босим ўтказишда давом этишни муҳокама қилдик, -деди у “Blue sky” тармоғидаги видеомурожаатида. – Санкциялар ўз кучида қолаётгани аниқ. Биз адолатли ва мустаҳкам тинчлик битимини истаймиз.
Истанбулга вақтинчалик ҳоким сайланди

Нури Аслан собиқ шаҳар мэри Имомўғлунинг ҳибсга олиниши туфайли Истанбул ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Жами 302 та овознинг 177 таси унинг номзодини маъқуллаган. Аслан Туркиянинг асосий мухолифат партияси аъзоси бўлиб, Имомўғлу ҳам айнан ушбу партиядан.
Маълумот ўрнида: Экрем Имомўғлу 2019 йилдан буён Истанбул шаҳрини бошқариб келаётган эди. Жорий йилнинг 23 март куни у коррупцияда айбланиб, қўлга олинди.
Украиналиклар АҚШ ёрдамисиз ҳам Россияга қарши курашни давом эттириш тарафдори

Киев халқаро социология институти сўровнома натижаларига кўра, украиналикларнинг 82 фоизи АҚШ ҳарбий ёрдамни тўхтатган тақдирда ҳам мақбул тинчликка эришиш учун Европа давлатлари кўмагида Россия Федерациясига қарши курашни давом эттириш тарафдори. Шу билан бирга, респондентларнинг 8 фоизи Москва билан музокаралар олиб борилишини ва Кремль шартлари бажарилишини истаса, қолган 10 фоизи жавоб беришга иккиланган.
Қозоғистон ва Хитой ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси халқаро алоқалар бўлими мудири Цзяньчаони қабул қилди. Учрашувда икки қўшни мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўллари муҳокама қилинди.
Цзяньчао Хитой Қозоғистонга стратегик аҳамиятга эга позициядан қарашини ва ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга устувор аҳамият беришини таъкидлади.
НАТО бош котибининг баёноти

НАТО бош котиби Марк Рюттенинг айтишича, Ғарб ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатлар ҳатто Россия-Украина уруши тугаганидан кейин ҳам яхшиланмайди.
Арманистон парламенти ЕИга қўшилиш учун овоз берди

Иттифоқдан таклиф йўқлигига қарамай, мамлакатнинг ЕИга кириш нияти ҳақидаги қонун якуний ўқишда қабул қилинди. 64 депутат “маъқул”, 7 нафари эса “қарши” овоз берди, бетараф қолганлар йўқ, деб ёзди “Спутник Арманистон” нашри.
Аввалроқ, Арманистон расмийлари ҳужжатда Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича референдум ўтказиш кўзда тутилмагани, фақат жараён бошланганини эълон қилишини билдирган эди.
Марк Карни: АҚШ ҳеч қачон Канадага эгалик қилолмайди

Канада Бош вазири Марк Карни Қўшма Штатлар ҳеч қачон Канадага эгалик қилмаслигини ва Оттава уни заифлаштиришга қаратилган ҳар қандай уринишларга қаршилик кўрсатиш ниятида эканини таъкидлади.
– Мен Америка Канадани заифлаштиришга, бизга эгалик қилиши учун синдиришга бўлган ҳар қандай уринишларга қаршилик кўрсатаман, -деди у. – Бу ҳеч қачон содир бўлмайди ва бизнинг АҚШ тарифларига жавобимиз фақат курашишдан иборат.
Саид Мурод Раҳим тайёрлади.
ЎзА