
Бугун АОКАда ўтказилган брифингда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди.
Тадбирда энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Маматкаримов соҳада эришилган натижалар ва режаларга тўхталиб ўтди:
–Энергетика соҳасида 2024 йилда умумий қуввати 2 787,9 мегаваттга тенг бўлган электр станциялари ишга туширилди. Шундан қуёш фотоэлектр станциялари қуввати 1 000 мегаваттни, шамол электр станциялари қуввати 800 мегаваттни, иссиқлик электр станциялари қуввати 965,2 мегаваттни ҳамда гидроэлектр станциялари қуввати 22,7 мегаваттни ташкил этди.
2024 йилда юртимиздаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 4 миллиард 860,5 миллион киловатт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Мазкур ҳажмдаги электр энергияси 2 миллиондан зиёд хонадоннинг бир йиллик ижтимоий нормасини ташкил қилади. Бунинг натижасида 1 миллиард 470 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилди, атмосферага 2 миллион 40 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинди.
“Қуёшли хонадон” дастури орқали 2024 йилда хонадонига қуёш панели ўрнатган жами 10 минг 826 нафар фуқарога давлатга сотган 12 миллион 182 минг киловатт⋅соат электр энергияси учун 12 миллиард 182 миллион сўм тўлаб берилди. Яъни, ушбу маблағлар Давлат солиқ қўмитасининг “Солиқ” мобиль иловаси орқали юқоридаги фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилган.
2024 йилда республикамизда 81,5 миллиард киловатт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Ўтган йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдагига нисбатан 22,5 миллиард киловатт⋅соат ёки 38 фоиз кўпни ташкил этди. Шундан истеъмолчиларга 67,5 миллиард киловатт⋅соат электр энергияси етказиб берилди. Бу эса 2016 йилдагига нисбатан 21,8 миллиард киловатт⋅соат ёки 48 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилганини кўрсатади.
Ушбу ишлар 2025 йилда ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, жами қуввати 4,5 гигаваттга тенг бўлган йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, қуввати 785 мегаватт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш, қуввати 225 мегаватт бўлган гидроэлектр станцияларини барпо этиш ва 1 782 мегаватт⋅соат электр энергиясини сақлаш тизимларини ишга тушириш режалаштирилган.
Юқорида таъкидланганидек, юртимизда ишлаб чиқариш ҳажмлари кескин ошириб борилади. Бироқ ушбу ресурслар ҳажмини қанчалик оширмайлик, улардан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланмасак, таъминот барқарорлигига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш долзарб масала ҳисобланиб, бу борада тизимли ишлар амалга оширилади. Энергия ресурсларининг энг кўп сарфи, аввало, иқтисодиёт тармоқларига тўғри келади. Эски даврларда қурилган заводлар экология ва энергия самарадорлик талабларига жавоб бермаган. Йиллар давомида модернизацияга етарли эътибор қаратилмаган. Баъзи жойларда электр ва газ кунлаб бўлмаган. Саноат корхоналарида истеъмол ҳамда йўқотишлар кўп бўлган.
Шу сабабли, сўнгги йилларда иқтисодиёт соҳалари энергия самарадорлик жиҳатидан янгиланмоқда. Йирик корхоналар ва энергетика тармоқлари кесимида алоҳида дастур амалга оширилмоқда. 2030 йилга бориб, мамлакатимиз аҳолиси 41 миллион нафарга етиши, иқтисодиёт 2 карра ўсиши кутиляпти. Бу энергия ресурсларига бўлган талабни ҳозиргидан 1,5 карра оширади. Шунинг учун янги лойиҳаларни ишга тушириб, қувватни кўпайтириш билан бирга, энергияни тежаш чораларини ҳам ҳозирдан кўриб бориш зарур. Бунинг учун янги лойиҳа қилиб, ишлаб чиқаришни кўпайтиришни ўзи билан чекланиб қолмасдан, энергия тежамкорлик ва самарадорлик масаласида жуда қаттиқ ишлаш керак. 2025 йилда 4,4 миллиард метр куб газ ва 6 миллиард киловатт·соат электрни иқтисод қилиш бўйича режа олиняпти.
Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, ўтган йилги тажрибани давом эттириб, жойларда энергияни тежаш имкониятлари олимлар иштирокида илмий асосда ўрганилмоқда. Хусусан, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззахдаги ўрганишларда 870 миллион киловатт·соат электр энергияси ва 420 миллион куб метр газни иқтисод қилишнинг янги имкониятлари аниқланди. Масалан, вилоятлардаги кичик ва ўрта саноат корхоналарида 35 мингга яқин эскирган ускуналарни тежамкорига алмаштириб, йилига 385 миллион киловатт·соат электр энергияси ва 50 миллион куб метр газни тежаш мумкин. Қолаверса, туман ва маҳаллаларда энергияни иқтисод қилиш бўйича мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича режалар ишлаб чиқилган. Хусусан, 300 та маҳаллада 100 мегаваттли кичик қуёш станциялари барпо қилиб, шу йилнинг ўзида 45 миллион метр куб газ тежаса бўлади.
Бундан ташқари, канал ва сойларда қуриладиган мингдан зиёд микро ГЭСлар ҳисобига қўшимча 175 миллион киловатт·соат электр ишлаб чиқариш ва 40 миллион куб метр табиий газни тежаш мақсад қилинган. Кўчаларни ёритишга ҳам қуёш панелли чироқларни ўрнатиш орқали йилига 100 миллион киловатт·соат электр энергиясини сарфлаш ҳамда истеъмолни 2 карра камайтириш режалаштирилган. Шу каби имкониятлар ҳисобидан бу йил 1,1 миллиард метр куб табиий газ ва 2,6 миллиард киловатт·соат электр энергиясини иқтисод қилиш кўзда тутилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан ишончли тарзда таъминлаш, шунингдек, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига электр энергияси ва газ бўйича янги тарифларнинг кучга кириш муддатини кечиктириш топшириғини бердилар. Янги тарифлар аввал режалаштирилгани каби 1 апрелдан эмас, 1 майдан кучга киради. 2024 йил 16 апрелдаги Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига буни назарда тутувчи ўзгартириш киритилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА