
Америка Қўшма Штатларининг Миссисипи штатида ўтказилган "ЭНГ ИЛҒОР ЖАНГЧИ - 2025" мусобақасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари юқори ўринларни қўлга киритиб, рекорд натижани қайд этишди.
Мусобақа давомида ҳарбий хизматчиларимиз якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (6 та машқни ўз ичига олган Фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, тунда 15 километр масофага ориентрлаш, 15 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, АҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, тиббий тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, кутилмаган (сюрприз) машқлар каби шартларни муваффақиятли бажарди. Ўзбекистонлик ҳарбийлар жамоавий баҳс — 15 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш шартини 1 соат 50 дақиқа ичида бажарди. Шунингдек, якка тартибдаги баҳсларда III-даражали сержант Жовқашев Шоҳрух 3 километр 219 метр масофани 11 минут 18 сонияда босиб ўтган бўлса, кичик сержант Абдуллаев Алишох 250 метр масофага югуриш давомида мажмуавий машқларни 1 дақиқа 18 сонияда бажариб, 5 килограмм оғирликдаги коптокни 12,3 метр масофага улоқтирди. Мазкур шартларнинг барчасида ҳарбий хизматчилар мусобақа рекордини янгилаган.
Бу ютуқ – Ватан ҳимоячиларининг профессионал тайёргарлиги ва қатъиятининг натижасидир.
Қолаверса, Ўзбекистон ҳарбийларининг халқаро мусобақалардаги ютуқлари – бу шунчаки ғалаба эмас, бу бизнинг мудофаа тизимимизнинг жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бераётганидан, ҳарбийларимизнинг маҳорати ва фидойилигидан далолатдир.
Юртга шараф олиб келган жасоратли посбонларимиз биз билан самимий суҳбатда бўлиб, мусобақа таассуротлари билан ўртоқлашдилар.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3-0JLlW7FJo" title="Aqsh harbiylari bilan kuch sinashgan o‘zbek posbonlari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев (видео), ЎзА