
Адлия вазирлиги томонидан 2024 йилда 286 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2 минг 93 лойиҳа ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 1 минг 731 таси ёки 83 фоизига ижобий хулоса берилди.
362 таси ёки 17 фоизи концептуал эътирозлар бўлгани сабабли қайтарилди. 23 мингдан ортиқ ҳужжат қонунчиликка мувофиқлаштирилди. 14 мингдан ортиқ ноқонуний ҳужжат (3 минг 32 ҳоким қарорлари) бекор қилинди.
Экспертизадан ўтказилган лойиҳаларнинг 222 таси (11 фоизи)да коррупциявий омиллар аниқланди.
Бу Адлия вазирлигининг 2024 йил сарҳисоби бўйича матбуот анжуманида қайд этилди.

Тадбирда 21 мингдан ортиқ давлат органи ва ташкилотларининг 8,8 миллион юридик тусдаги ҳужжатларига ҳуқуқий хулосалар тақдим этилгани айтиб ўтилди. Қонунчиликка номувофиқ бўлган 500 мингга яқин ҳужжат салбий хулоса билан рад этилди.
Адлия вазирлигининг 208 функциясидан 106 таси, яъни 51 фоизи рақамлаштиришга эришилди. Натижада қоғоз сарфи камайиб, 9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ иқтисод қилинди.
Вазирлик ташаббуси билан сунъий интеллект ёрдамида ҳуқуқий масалаларга жавоб топишга кўмаклашадиган ягона платформа “Lex AI” ишга туширилди.
Вазирлик ташаббуси билан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

“Ҳаммаси бир жойда” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш бўйича ишлар давом эттирилиб, давлат хизматлари марказларида кўрсатиладиганхизматлар сони 408 тага етказилди.
Туғилиш ҳақидаги гувоҳнома олиш учун my.gov.uz орқали ариза бериш имконияти йўлга қўйилди.
2024 йил давомида 21 минг 573 интеллектуал мулк объекти рўйхатга олинди. Хусусан, Чуст пичоғи, Жиззах сомсаси, Хоразм қовуни, Самарқанд нони ва Олот сомсаси географик кўрсаткичлари амалий ёрдам бериш орқали рўйхатдан ўтказилди.
Ўзбекистон интеллектуал мулк соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 24 йилдан сўнг АҚШ Савдо вакиллигининг “301-махсус ҳисоботи”да инвестицион жозибадорликка салбий таъсир кўрсатиб келаётган “Кузатувдаги давлатлар” рўйхати (қора рўйхат)дан чиқарилди.
Ўтган йил интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилгани бўйича 552 тақдимнома, 162 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома ва 9 молиявий жарима расмийлаштирилиб, 2,6 минг қути контрафакт маҳсулотлар йўқ қилинди.
Авто олди-сотди ва ҳадя шартномаси, гаров, авто ишончнома, эр-хотиннинг розилик аризаси, вояга етмаганни чет элга олиб чиқишга розилик аризаси, имзони шаҳодатлаш, бошқа турдаги ишончнома, кўчмас мулкка ишончнома, мерос улушидан воз кечиш аризаси онлайн расмийлаштирилмоқда.
Биргина 2024 йилда 1 минг 99 нафар шахсга адвокатлик лицензияси берилиб, адвокатлар сони 6 минг 175 нафарга етди.
“Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси доирасида қарийб 9 минг маҳалла раислари қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитилди.
Н.Абдураимова, ЎзА