
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шу жумладан, киберкоррупция соҳасидаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш масаласи сенатор ва депутатлар эътибор марказида.
Шу мақсадда Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг қўшма мажлиси ташкил этилди.
Мажлис доирасида киберкоррупцияга қарши курашиш бўйича миллий ҳаракатлар режасини қамраб олган қўшма йўл харитаси ва ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.

Ушбу ҳужжат киберкоррупцияга қарши самарали курашиш, мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш, коррупцияга қарши курашишга қаратилган лойиҳаларни амалиётга жорий этиш, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ва медиа контентларни тайёрлаш каби йўналишларни ўз ичига олади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ишчи гуруҳ фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича вазифа юклатилди. Агентлик ҳузурида ахборот-таҳлил гуруҳи ташкил этилиб, у киберкоррупцияга оид маълумотларни жамлаш, таҳлил қилиш ва натижаларни Олий Мажлисга тақдим этиш билан шуғулланади.

Мажлисда Ёшлар ишлари агентлигига “Коррупция – келажакка таҳдид” ғояси асосида ёшлар ўртасида киберкоррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш ва самарали профилактика тизимини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифаси топширилди.
Вазирлик ва идораларга “Йўл харитаси” доирасида белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Мажлис якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмиталарнинг қўшма қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА