
Ватанимиз тарихидаги 22 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни. Ушбу касб байрами Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 2 мартдаги “Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни асосида жорий этилган.
Маҳалла ўзбек халқининг миллий қадриятлари, анъаналари ва ижтимоий муносабатларини ўзида мужассам этган ноёб ижтимоий тузилма ҳисобланади. Унинг тарихи ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихининг ажралмас қисмидир. Маҳалланинг шаклланиши жуда қадимий даврларга бориб тақалади. Академик Аҳмадали Асқаровнинг таъкидлашича, бу жараённинг тарихий илдизлари бронза даврига оид. Тарихий маълумотлар ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, маҳалла одамларни уюштирувчи, уларни ижтимоий фаолликка чорловчи, маънавий-ахлоқий тарбия берувчи муҳим ижтимоий институт бўлиб келган. Шу тариқа у минг йиллар давомида ўзбек халқи ҳаётининг ажралмас қисмига айланган.
Маҳалла шунчаки ҳудудий бирлик эмас, балки ўзаро ёрдамга асосланган ижтимоий тузилма ҳамдир. Маҳалла бошқаруви асрлар давомида ўзига хос тарзда ривожланган, маҳалла оқсоқоли алоҳида мавқега эга бўлган. Тарихчиларнинг ёзишича, маҳалла оқсоқоллари тўпланиб, ўз маҳалласининг муаммоларини муҳокама қилишган ва уларни ҳал этиш йўлларини излашган.
1394 йил (бундан 631 йил олдин) – Соҳибқирон Амир Темурнинг тўртинчн ўғли 18 ёшли Шоҳрух Мирзонинг тўнғич ўғли Улуғбек Мирзо ҳижрий 796 йилнинг 19 жумодулаввали (милодий 1394 йил 22 март) якшанба куни Ироқи Ажамнинг Султоння шаҳрида дунёга келди. Унинг онаси малика Гавҳаршодбегим эди. Янги меҳмоннинг ёруғ дунёга келиши, Соҳибқирон Амир Темурнинг “беш йиллик юриши” пайтига тўғри келган эди. Бинобарнн, Соҳибқирон ҳарамига мансуб бўлган маликалар ва ёш болалар лашкарнинг ўғруқида (ўрдугоҳ) Сароймулкхоним (Бибихоним) бошчилигида Султонияда турадилар. Амир Темур эса Ирокнинг шимолидаги Мордин калъасини ишғол қилиш учуи жанг олиб борар эди.
Улуғбек туғилгач, Сароймулкхоннм Шоҳрух Мирзонинг фарзанд кўрганлиги ҳақидаги хушхабарни Амир Темурга етказиш учун чопар юборади. Шарафудднн Али Яздийнинг берган маълумотига кўра, бу хушхабар Соҳибқироннинг Мордин қалъасини забт этган кунига тўғри келган. Амир Темур мазкур хушхабарни бағоят хушнуд бўлиб, янги меҳмон пойи қадамини шарафлаб, шаҳар халқига омонлик бериб, хирождан воз кечган ва шаҳар ҳокимлиги мансабини собиқ ҳоким амир Султон Исоннинг укаси амир Султон Солиҳга инъом қилиб, ўзи орқага қайтган.
Янгн меҳмонга Муҳаммад Тарағай деб ном берадилар. Тарихчи Аҳмад Рафиқнинг олти жилдлик “Буюк тарихи умумия” номли асарида “Тарағай” сўзи эски туркча “Тарла” қуши номи билан боғлиқ эканлиги ҳақида сўз юритилган. Маълумки, бу ном Темурнинг марҳум отасининг номи бўлиб, ҳали темурий шаҳзодалардан ҳеч бирига берилмаган эди. Лекин кўп утмай чақалоқнинг ҳақиқий номи тилдан тушиб, уиинг ўрнига Улуғбек деб атала бошланди.
1394 йил (бундан 631 йил олдин) – Темурга замондош муаррихлардан Фасиҳ Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида қайд этилишича, ҳижрий 796 йил жумодалаввал ойининг ўн тўққизинчиси якшанбада (милодий 1394 йил 22 мартда) Бағдод шаҳри теварагидаги Хармоту (Хурматур) қалъасида Амир Темурнинг иккинчи ўғли, 38 ёшли Умаршайх мирзо ҳалок бўлди (Бироқ тарихчи олим Шарафуддин Али Яздий бу фалокатнинг январ ойида содир бўлганини ёзади).
Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, Миср ва Шом (Сурия)ни қўлга киритиш учун Диёрбакр томон қўшин тортган Амир Темур Умаршайх мирзони ўз ҳузурига етиб келишини буюради. Отаси томон отланган Умаршайх мирзо Бағдоддан тўрт манзил масофадаги Курдистондан ўтиб бораётганида йўл чеккасидаги Хармоту қалъасига дуч келган. Умаршайх ушбу қалъани яхшироқ томоша қилиш мақсадида бир тепаликка чиқади. Шу пайт қалъа ичидан отилган ногаҳоний камон ўқи Умаршайхнинг қулоғи остидаги кўк томирга тегади. У шу заҳоти оламдан кўз юмади.
Унинг қўшини Хармотуни ер билан яксон этади. Ушбу воқеадан хабар топган Амир Темур қаттиқ изтиробга тушади. У амир Учқаро баҳодирни Умаршайхнинг жасадини Шерозга олиб келиш учун Хармоту томон жўнатади. Умаршайхнинг жасади Шерозга олиб келингач, мотам тутилиб, мирзони муваққат дафн қиладилар. Маълум фурсатдан сўнг унинг хотинлари ҳамда ҳали вояга етмаган ўғли Искандар мирзолар жасадни Шероздан Кеш (Шаҳрисабз)га олиб келадилар ва темурийлар хонадони учун махсус барпо этилган дахмага дафн этадилар.
1642 йил (бундан 383 йил олдин) – ҳижрий 1051 йил зулҳижжа ойининг йигирманчи кунида аштархонийлар сулоласидан бўлган Надр Муҳаммадхон Бухоро хонлиги тахтига ўтирди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ундан олдинги хон – ҳукмронлигининг сўнгги йилларига бориб кўзи озиж бўлиб қолган Имомқулихон тахтдан воз кечишга қарор қилган эди. Бунга сабаб ҳукмдорнинг ожизлигидан фойдаланган амалдорлар ўз хоҳишларича иш юритишлари, мустақил сиёсат амалга оширишлари бўлган. Натижада марказий ҳокимият заифлаша бошлаган. Буни тўғри англаган Имомқулихон тахтни укаси Надр Муҳаммадхонга топшириб, ўзи мусулмонлик амалларидан бири ҳаж зиёратини амалга ошириш учун Макка ва Мадина шаҳарларига жўнаб кетади.
Бухоро хонлигининг тўртинчи аштархоний ҳукмдори бўлган Надр Муҳаммадхон 1593 йилда туғилган. Унинг она томонидан келиб чиқиши саййидларга бориб тақалади. У хонлик тахтига ўтиргунга қадар 1606/1609–1642 йилларда Балх ҳокими вазифасини бажарган бўлса, 1642–1645 йиллар давомида Бухоро хонлигининг марказий ҳокимиятини бошқарди. Лекин у давлатни бошқаришда акаси Имомқулихон эришган ютуқларни такрорлай олмади. У хонлик ҳудудларини ўз ўғиллари ва набираларига суюрғол қилиб тақсимлаб берди. Бу марказий ҳокимиятнинг кучсизланишига олиб келди. Надр Муҳаммадхоннинг 12 ўғли бўлганлиги маълум.
1894 йил (бундан 131 йил олдин) – Туркистон генерал-губернаторининг махсус буйруғига биноан Самарқанд ва Бухоро сув тақсимоти доимий комиссияси ташкил этилди.
1987 йил (бундан 38 йил олдин) – Ўзбекистонда Амир Темур тўғрисида илиқ сўз айтиш “айб”, ҳатто “жиноят” ҳисобланган бир пайтда Парижда Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш ва француз-ўзбек маданий ҳамкорлиги уюшмаси тузилди. Бу уюшма Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи ва маданиятини тарғиб қилиш борасида дунёда биринчи тузилган жамоат ташкилотидир. Унинг асосий мақсади Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми, Шарқ ва Ғарб маданиятларининг чорраҳаси бўлмиш Марказий Осиё тарихи, хусусан Темурийлар Уйғониш даври, ва унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси билан кенг француз жамоатчилигини таништиришдан иборат.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мусодара қилинган, эгасиз мол-мулкни, ворислик ҳуқуқи бўйича давлат ихтиёрига ўтган мол-мулкни ва хазиналарни ҳисобга олиш, баҳолаш ва сотиш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан ўзбек маданиятини юксалтиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, маънавий-маърифий ислоҳотларни амалга оширишдаги фаол иштироки, фидойилиги, янгича тафаккурни шакллантириш ҳамда халқимизнинг маънавий дунёсини бойитиш йўлидаги самарали хизматлари учун Озод Шарафиддинов “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
2002 йил (бундан 23 йил олдин) – Тошкент давлат консерваторияси (ҳозирги Ўзбекистон давлат консерваторияси)нинг янги биноси фойдаланишга топширилди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси» кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади