
Инсон қалби билан ҳазиллашманг, сиз...
Шеърият – шундай бир неъматки, унинг мевасидан инсоният яратилган олам назокатини, туйғулар чўққисини ҳис этади. Ҳикмат эса танланган ижодкорларгагина аталган ибрат сандиғи бўлиб, унинг соҳиблари Яратганнинг марҳамати билан наинки ўз элига, балки бутун башариятга татигулик мерос яратади. Заминимиз мана шундай илҳом соҳибларини етиштириб чиқаргани билан дунёга танилган. Ҳикматли ижодкор, таржимон, публицист ва жамоат арбоби Абдулла Орипов ана шундай улуғ мерос қолдирган инсонлардан эди.
1941 йилнинг 21 мартида Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилган ижодкор илмга ошнолиги туфайли ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Ўзбекистон Миллий университетнинг журналистика факультетида ўқиди.
“Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, “Ёш гвардия” ва Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир, “Ёш гвардия” драматик театрида бадиий бўлим мудири каби кўплаб вазифаларда ишлаб, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ва ҳатто Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси даражаларига кўтарилди.
Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) фан, таълим, саноат ва санъат халқаро академиясининг аъзоси ҳам эди.
Қандай лавозим ва вазифаларда ишламасин, ҳақиқий ижодкор қалбини бир туғён ҳамиша эзгу маънода безовта қилиб келаверади. Бу эса илҳом!
Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда миллат яшар, унда тил яшар.
Унда аждод фахри яшайди сўзсиз,
Унда истиқомат қилади башар.
Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда она яшар, яшайди Ватан.
Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,
Ҳайҳот! Қўзғалмасин бу Қалб дафъатан!!.
Абдулла Орипов “Инсон қалби” шеърида мана шу жумлаларни битар экан, аслида қалбнинг миллати йўқлиги, унинг туғёни ҳамиша башариятнинг кўксида ягона мақомга эга эканини уқтиргандек бўлади.
Ижодкорнинг дастлабки, ўзбек шеъриятида ўзига хос воқеа бўлган “Митти юлдуз” номли биринчи китоби 1965 йилда нашр этилди.
Шундан кейин “Кўзларим йўлингда”, “Онажон”, “Руҳим”, “Ўзбекистон”, “Ҳайрат”, “Юртим шамоли”, “Жаннатга йўл”, “Бобо ва набира”, “Қуш тили” каби олтмишга яқин тўпламлари чоп этилди. 2000-2013 йилларда “Танланган асарлар”нинг етти жилдлиги босилиб чиқди.
Достонлари, шеърлари кўплаб хориж тилларига таржима қилинди. “Родник”, “Ветер Родины”, “Любовь к жизни”, “Жажда весны”, “Сохибкиран” ва бошқа шу каби саккизта китоби Москва ва Тошкентда рус тилида босилиб чиқди. “Илҳом” (1984) тожик тилида, “Шеърлар” (1989) Урумчида уйғур тилида, “Ҳур ўлкам” мажмуаси Истанбулда турк тилида нашр этилди.
Абдулла Ориповнинг илм салоҳияти фақат шу билангина чекланиб қолмади. У итальян шоири Данте Альигерининг шоҳ асари – “Илоҳий комедия”нинг “Дўзах” қисмини тўлиғича ва “Аъроф” қисмидан тўққиз қўшиқни маҳорат билан ўзбек тилига ўгирди. Енье Хельтон, А.Пушкин, Н.Некрасов, Л.Украинка, Т.Шевченко, Р.Ҳамзатов ва бошқа қардош шоирлар шеърларини таржима қилди.
Шоир ижоди мустақиллик йилларида ниҳоятда туйғуларга бой, файзли ва сермаҳсул бўлди. “Ҳаж дафтари” туркумига кирган шеърларида шоир маънавиятимиз манбаларини кашф этиш йўлидан борди. Қуръони Карим, Ҳадиси шарифлардан замонавий маънолар излади ва топди.
Инсон тафаккури кенгайгани сари у бутун олам мантиғини қисқа жумлаларга жойлай олиши билан ажралиб туради. Аслида тўрт қаторга улуғ моҳиятни жойлаш маҳорати ҳам ҳикмат соҳибининг маҳорати саналади.
Абдулла Орипов ҳаётий фалсафаларини қалбни “қитиқлар” даражада майин бўлса-да, асли кичик бўлсада дарахтдан узилиб, инсон бошига турган ёнғоқнинг зарби каби хушёр торттирадиган даражада ифодалаган.
Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди бунда ҳам маъни.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло,
Молим ёмон деган бирор кимсани.
* * *
Оқар дарёга ҳам кимдир банд берган,
Ҳаёт кимга заҳар, кимга қанд берган.
Эй, ғофил, саркаш деб, мени камситма,
Ғаним сенга эмас, менга панд берган.
* * *
Дейдилар ит ҳурур — ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг,
Лекин алам қилар бир умр гирён
Итлар орасидан ўтса карвонинг.
Ижодкор достоннавис ва драматург сифатда ҳам маълум ва машҳурликка эришди. Хусусан, “Соҳибқирон” шеърий драмаси ва “Истиқлол манзаралари” достони шоирга катта шуҳрат келтирди.
Ўзбек халқининг миллий тикланиш, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ҳаммуалифидир. У 1994 йилда Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти билан, 1998 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони билан тақдирланди. Ижодкор 2016 йилда вафот этди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА