Жорий йил давомида божхона органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар ва божхона назорати жараёнида 119 та ҳолатда қиймати 2,3 миллиард сўмдан ортиқ, миқдори эса 7 миллион 250 минг донадан зиёд пиротехника буюмлари ноқонуний муомаладан олиб қўйилди.
Бу ҳақда Божхона қўмитасининг навбатдаги брифингида қўмита матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев маълум қилди.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, бундай маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний олиб кириш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу билан бирга, хавфлиликнинг II даражасига кирувчи маиший пиротехника буюмларини яратиш, ишлаб чиқариш, мамлакат ҳудудига олиб кириш, ташиш, реализация қилиш, сотиб олиш, сақлаш ва фойдаланиш қонун билан қатъий тақиқланган.

Ноқонуний муомаладан олиб қўйилган барча пиротехника воситалари белгиланган тартибда вақтинча сақлаш учун ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаларига топширилган.
Божхона қўмитаси фуқароларни бундай ҳолатларга бефарқ бўлмасликка чақириб, агар пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига доир ҳолатларга дуч келинса, қўмитанинг кечаю кундуз фаолият юритувчи 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони орқали хабар бериш мумкинлигини эслатди. Мурожаатларнинг анонимлиги кафолатланади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА