
“Uzbekistan GTL” МЧЖда корхона томонидан таъсис этилган UzGTL стипендиялар дастури, “Энг фидойи устоз” танлови ҳамда 2024 йил якунлари бўйича корхонанинг энг фаол ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
“Uzbekistan GTL” заводи – бу нафақат стратегик аҳамиятга эга саноат кластери, балки мамлакатимиз иқтисодиёти учун малакали кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратадиган таълим ва амалиёт маскани ҳамдир. Завод учун малакали ва тажрибали мутахассисларни тайёрлаш, уларга таълим бериб келаётган устозларни муносиб рағбатлантириш, нефт-газ ва энергетика йўналишидаги илмга чанқоқ ва билимли ёшларни саралаб олиб, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда корхонада фаолият олиб бораётган ходимларни эътироф этиш “Uzbekistan GTL” МЧЖнинг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ушбу йўналишлар бўйича корхона томонидан бир қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, анъанага айланиб қолган ҳамда 2024-2025 ўқув йили учун олтинчи бор ўтказилган UzGTL стипендиялар дастури ҳамда учинчи бор ўтказилган “Энг фидойи устоз” танлови бунинг яққол мисолидир.
[gallery-22340]
Тадбирни “Uzbekistan GTL” МЧЖ Бош директори Алишер Бахадиров очиб берди. У ўз нутқида бу каби дастурлар орқали зукко ва илмли ёшларни ҳамда уларга таълим бериб келаётган устозларни тақдирлаш нафақат соҳа, балки жамият учун ҳам аҳамиятли эканлигини таъкидлади.
Шундан кейин дастлаб стипендиялар дастури фаол иштирокчилари, сўнг дастур ғолиблари тақдирланди.
UzGTL стипендиялар дастури танловининг асосий мақсади янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик қилиш, илмий ижодий ишларда фаол бўлган олий таълим муассасалари бакалавриат ва магистратура талабаларини аниқлаш ҳамда уларни муносиб равишда рағбатлантиришдан иборатдир. Ушбу дастур талабалар орасида кенг оммалашган бўлиб, шу даврга қадар UzGTL стипендиялар дастурида иштирокчилар сони 10 минг 512 нафарни ташкил этади. Дастур доирасида шу вақтга қадар 87 нафар фаол иштирокчи ва 69 нафар ғолиб бир неча босқичли имтиҳонлар орқали саралаб олинган бўлса, 700 нафардан зиёд талабалар корхонада ишлаб чиқариш амалиётига тавсия этилган.
2024-2025 ўқув йили учун ўтказилган ушбу дастурда иштирок этиш учун 1 минг 687 нафар номзод ариза топширган бўлиб, улар орасидан 7 нафар ғолиб, 23 нафар фаол иштирокчи саралаб олинди ва 244 нафар талаба ишлаб чиқариш амалиётига тавсия этилди. Мазкур танлов ғолибларига белгиланган миқдорда стипендия тўлаб борилади ва улар Uzbekistan GTL заводининг кадрлар захирасига киритилади, шунингдек, ушбу танловнинг 3-босқичига ўтган барча талабалар ишлаб чиқариш амалиётини ушбу заводда амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Талабалар ишлаб чиқариш амалиёти давомида уч маҳал иссиқ овқат, транспорт ва яшаш шароитлари билан завод томонидан бепул таъминланади ҳамда амалиёт давомида уларга масъул мутахассислар бириктирилади.
Стипендиялар дастури совриндорларидан кейин “Энг фидойи устоз” танловида ғолиб бўлган устоз-мураббийларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Учинчи бор ўтказилган “Энг фидойи устоз” танловининг асосий мақсади мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқлари учун бўлажак мутахассисларни етиштириб келаётган, хусусан, кўплаб иқтидорли талабаларга устозлик қилиб келаётган олий таълим ташкилотларининг ўқитувчи-мураббийларини аниқлаш ва уларни муносиб равишда рағбатлантиришдир. “Энг фидойи устоз” танлови бу йил ҳам жонкуяр устоз-мураббийларни кашф этиш имкониятини тақдим этмоқда. Танловнинг муҳим томони шундаки, лауреатлар талабалар ва корхона ходимлари томонидан кўрсатилган номзодлар орасидан овоз бериш йўли билан саралаб олинади. Қолаверса, таълим бериш услуби, дарс жараёнини самарали режалаштириш, талаба-ўқитувчи муносабатлари, ҳалоллик принциплари ва коррупцияга тоқатсизлик даражасини баҳолашга имкон берувчи онлайн сўровномалар ва корхона масъуллари томонидан ўтказилган якуний суҳбат натижаларига кўра ғолиб устоз-мураббийлар аниқлаб олинади. 2024-2025 ўқув йили учун ўтказилган мазкур танловда 490 нафар устоз-мураббий номзоди кўрсатилган бўлиб, якуний хулосаларга кўра 3 нафар устоз ғолиб деб эътироф этилди. Ғолиб бўлган устозлар моддий рағбатлантириш ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ҳар бир муваффақиятли лойиҳа, эришилган юқори натижалар ва ишлаб чиқариш жараёнларидаги барқарорлик – бу жамоанинг уюшқоқлиги ҳамда ҳар бир ходимнинг фидойилиги самарасидир.
Тадбир доирасида ўз фидойилиги, ташаббускорлиги ва сидқидилдан меҳнат қилиши билан “Uzbekistan GTL” МЧЖнинг муваффақиятларига катта ҳисса қўшган йилнинг энг яхши ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Улар нафақат ўз вазифасини аъло даражада бажарган, балки корхона тараққиёти учун янги ғоя ва лойиҳаларни амалга ошириб, ҳамкасбларига намуна бўлган шахслардир. 2024 йил якунларига кўра, йил ходими, йилнинг энг яхши муҳандиси, йилнинг энг яхши рационализатори, йилнинг энг яхши механиги, йилнинг энг яхши фидокор ходими, энг яхши технологик қурилма кузатувчиси ва самарали меҳнатлари учун каби номинацияларда 15 нафар корхона ходими раҳбарият томонидан эътироф этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари