Янгийўл туманида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида кенг нишонланган баҳор айёми минглаб аҳолини жамлади. Мазкур байрам арафасида ҳудуд ободонлаштирилиб, атрофда кенг кўламли турли ниҳоллар экиш ишлари ташкил қилинди.
Аслида янгийўлликлар меҳнаткашлиги билан ажралиб туради. Шу сабабли ҳар йили кўклам нафаси кириб келди, дегунча барча маҳалла, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончалари янада обод бўлади. Турар жой мавзелари ва кўчалар атрофига мевали-манзарали ниҳоллар ва гул кўчатлари экиш, дарахтларни оқлаш ва шакл бериш ишлари амалга оширилди.

Шундай саъй-ҳаракатлар ўз навбатида Наврўз байрами халқимизнинг олижаноб орзуларини ифода этиб, йиллар ўтгани сари янгича маъно-мазмунга эга бўлмоқда. Одамларни аҳилликка чорлаб, эзгу ишлар қилиш учун бирлаштирмоқда.

Туман маркази сайил муносабати билан “Наврўзи олам муборак!”, “Хуш келдинг юртимга, Наврўз!”, “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” каби шиорлар, баҳорий гуллар билан безатилди. Асосий майдон атрофига барча вилоятлар маданиятини акс эттирувчи ўтовлар тикилди. Дошқозонларда миллий таомлардан сумалак, палов тайёрланди. Шу билан бирга, кўк сомса, чучвара ва бошқа миллий таомлар тайёрланиб, барчага тарқатилди.

Тадбирда Янгийўл туман ҳокими Одилжон Атауллаев, ҳудуд фаоллари ва фахрийлар билан бирга барчани қутлаб, самимий тилакларини билдирди. Шу ерда аҳоли билан самимий суҳбат қилинди. Бу йилги сайилда халқ амалий санъати намуналари, хусусан, миллий кийимлар, миллий урф-одат ва анъаналардан меҳмон кутиш, нон ёпиш, сумалак қайнатиш, қизларнинг қошларига ўсма қўйиши, зирак тақиш, гул сайли кабиларга алоҳида эътибор қаратилди. Болалар ижросидаги халқ ўйинларидан кураш, арқон тортиш, “Оқ теракми, кўк терак”, “Арғимчоқ”, варрак учириш, чиллак, бештош каби миллий ўйинлар оммалаштирилди.


Тадбирда дор томошалари ҳамда ҳаваскор гуруҳларнинг чиқишлари намойиш этилиб барчага кўтаринки кайфият улашилди. Машҳур санъаткорлар ва бадиий жамоаларнинг концерт дастури намойиш этилди.
А.Мусаев, ЎзА