
Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан биргаликда, Президентнинг янги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида Ўзбекистонда бир қатор янгиликлар жорий этилиши кўзда тутилган.
Бу юзасидан 14 март куни ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати раҳбарияти ва мутасадди ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, ҳар бир маҳалла учун аниқ жавобгарлик тизими йўлга қўйилиб, 2024 йилда жиноятлар содир этилган маҳаллалар кесимида “маҳалла-туман-вилоят” даражасида аниқ масъул раҳбарлар бириктирилган. Уларнинг ҳар бири белгиланган ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун шахсан жавобгар бўлади.
Шунингдек, криминоген вазият оғир бўлган ҳудудларда жиноятларга сабаб бўлаётган асл омилларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича илмий-амалий ёндашувлар асосида чоралар кўрилади.
“Маҳалла еттилиги” тизими кучайтирилади. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалладаги жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ҳамда маҳалла фаоллари кенг жалб этилади.
Қайд этилишича, маҳаллалар, жамоат жойлари ва яшаш хонадонларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида хавфсизлик камералари, автоматлаштирилган мониторинг тизимлари ва электрон хабар бериш механизмлари кенг жорий этилади.
Профилактика ишларини самарали ташкил этиш мақсадида профилактика бош инспектори лавозими жорий этилади ва у маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани фаолиятига раҳбарлик қилади.
2025 йил 1 апрелдан бошлаб эса Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари таркибида қуйидаги тузилмалар ташкил этилади:
• Миграцион профилактика бўлинмалари – миграция жараёнларини назорат қилиш ва ушбу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан шуғулланади.
• Туманлараро маъмурий конвой гуруҳлари– ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни белгиланган жойларга етказишга масъул бўлади.
• Маъмурий амалиёт гуруҳлари – криминоген вазият оғир бўлган ҳудудларда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш учун жорий этилади.
Шу билан бир қаторда, профилактика кичик инспектори лавозими жорий қилиниб, маҳаллаларда қонунбузарликларнинг олдини олишда хизмат олиб боради.
[gallery-22249]
Ҳар чорак якунида эса масъул раҳбарларнинг маҳаллаларда эришган натижалари таҳлил қилинади.
Бундай муҳокамалар ҳар ойда – Ички ишлар вазири ҳузурида, ҳар чорак якунида – Бош прокурор ҳамда ҳар ярим йилда – Бош вазир ҳузурида ўтказилади.
Яна, ҳар бир маҳалла кесимида Ўзбекистон Президентига мунтазам ахборот берилиб, самарадорлик натижаларига кўра, масъул шахслар рағбатлантирилади ёки уларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади.
Тадбир сўнгида ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tku1Yd4tbWM" title="Mahallalarda xavfsiz muhit: 2025 yilda qanday o`zgarishlar kutilmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев, ЎзА