
Муносабат

Франция узоқ тарихи бор, иқтисодиёти, маданияти, илм-фани ривожланган, икки юз йилдан ортиқ демократик тараққиёт тажрибасига эга мамлакат сифатида эътироф этилади. Йирик индустриал-аграр мамлакат сифатида саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.
Мамлакат ялпи ички маҳсулоти 3 триллион АҚШ долларидан юқорироқни, ЯИМни киши бошига тақсимлаганда эса, қарийб 45 минг долларни ташкил этади. Хорижий мамлакатларга сармоя киритиш ҳажми бўйича ҳам пешқадамлар сафида бўлиб, ушбу кўрсаткич бўйича дунёда кучли учталик давлатлар қаторида туради.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан бири ҳам айнан Франциядир. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 1 мартда ўрнатилган. 1992 йил июнда Франциянинг Ўзбекистонда, 1995 йил март ойидан бошлаб эса, Ўзбекистоннинг Францияда элчихонаси ўз фаолиятини бошлаган.
Ўтган вақт давомида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сиёсий, иқтисодий, маданий ва таълим соҳаларида фаол ривожланиб, турли соҳаларда қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида 2025 йилгача мўлжалланган янги Стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди. Умумий бюджети 1 миллиард евродан ошган ушбу дастур доирасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, “яшил иқтисодиёт”, шаҳарсозлик, сув таъминоти, банк-молия сектори, транспорт каби йўналишларда фаол ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистонда Франция капитали иштирокидаги 50 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Қолаверса, Франция Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар ТОП-10 талигига кириб, 2024 йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 1,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Шунингдек, Франция Ўзбекистоннинг экспортида юқори улушга эга бўлган давлатлар қаторида 6-ўринда бўлиб, мамлакатимиз томонидан ўтган йили 795 миллион АҚШ долларилик маҳсулот ва ҳизматлар мазкур давлатга экспорт қилинган.
Жорий йилнинг 11-13 март кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Францияда давлат ташрифи билан бўлганлиги ўтган вақт давомида эришилган натижаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятли бўлди.
Париж шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилдилар.
Бу нафақат Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилганлигидан, балки Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларга ҳам янги руҳ олиб кириши билан янада аҳамиятлидир.
Ташриф давомида яна бир кутилмаган воқелик рўй берди. Давлатимиз раҳбарига Франциянинг энг олий давлат мукофоти – Фахрий легион ордени топширилди. Ушбу Фахрий легион ордени 1802 йилда таъсис этилган бўлиб, Францияда ушбу орден алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади.
Ушбу орден билан бугунги кунга қадар дунёнинг етакчи сиёсатчилари ҳисобланган Император Акихито, Франклин Рузвельт, Уинстон Черчилль, Нельсон Мандела, Ангела Меркель, Синдзо Абэ, Жастин Трюдо кабилар тақдирланган. Орденнинг давлатимиз раҳбарига берилиши бугун дунёда юз бераётган геосиёсий ва геоиқтисодий соҳадаги ўзгаришлар, жаҳон саҳнасида кузатилаётган мураккаб ва жумбоқли жараёнларда Президентимиз томонидан ички ва ташқи сиёсатда амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо деб ҳам айтиш мумкин.
Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқчимиз. Франция ва Ўзбекистон туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятларга эга, француз инвестициялари Ўзбекистоннинг туристик инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаши мумкин. Дунёдаги етакчи туристик давлатлардан бири сифатида Франция катта тажрибага эга бўлиб, бу Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Аввало, француз инвесторлари меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилишда иштирок этиши мумкин, бу эса халқаро стандартларга мос келадиган хизмат кўрсатиш ва қулайликни таъминлайди. Шунингдек, транспорт тизимини такомиллаштириш, аэропортлар, темир йўллар ва йўл тармоқларини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, туристлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатни янада қулай қилади.
Бундан ташқари, Франция маданий меросни асраб-авайлаш борасида ҳам катта тажрибага эга бўлгани учун тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш ва уларни халқаро миқёсда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини сезиларли даражада оширишга ёрдам беради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи доирасида имзоланган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Франция Маданият вазирлиги, Маданий мерос миллий институти ва Марказий Осиё тадқиқотлари институти ўртасидаги ҳамкорлик битимлари бунинг учун катта замин яратади.
Албатта, ташриф доирасида юқоридаги каби кўплаб соҳаларда бир қатор келишувларга эришилди. Ушбу келишувларнинг самарали амалга оширилишида парламентлараро муносабатлар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ташриф давомида Президентимизнинг Бурбон саройида Франция Миллий мажлиси раиси Яэль Браун-Пиве билан бўлиб ўтган учрашуви ҳамда Ўзбекистон – Франция парламентлараро форумини ташкил этиш ва “йўл харитаси” асосида дўстлик гуруҳлари ишини қайта тиклаш масалаларининг муҳокама қилинганлиги айни муддаодир.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши ва янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши келгусида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА