
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида иштирок этиб, сермазмун фикр ҳамда мулоҳазаларга бой таклиф ва тавсиялар берди. Юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо берилиб, келгуси вазифалар белгиланди. Буларнинг бари барчамизга улкан масъулият юклайди.
Дарҳақиқат, коррупция давлат тузумини ичидан емирадиган, ижтимоий барқарорлик кушандасидир. Занг темирни емиргани каби, коррупция жамиятни емиради, чиритади. Шу сабабли коррупцияга адолат, тараққиёт тушунчалари бегона. Бунда коррупция ва бюрократиянинг ҳар қандай кўриниши, маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатларига қарши кескин курашиш зарур. Албатта, бугун биронта соҳада коррупция йўқ, деб айта олмаймиз. Баъзи вазирлик ва идоралар «бизда коррупция йўқ, унга барҳам бердик» дейишади. Аслида бундай эмас. Афсуски, оддий фуқародан сўрасангиз, «коррупция йўқ жойнинг ўзи кам», дейди.
Гуни ҳам унутмаслик керакки, бугунги даврда ҳеч бир давлат коррупциядан ҳоли эмас. Аммо унга қарши курашмаслик фалокатга элтади. БМТ Тараққиёт дастурида жаҳон иқтисодиёти айнан коррупция ҳолатлари туфайли йилига 3 триллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўқотаётганини, жамият тараққиётининг энг хавфли кушандасига айланган бу иллатга қарши фақат биргаликда кураш олиб боришгина кутилган самарани бериши таъкидланган.
Демакки, коррупция балоси дунёдаги кўплаб мамлакатларни қамраб олган, ҳозир жаҳонда порахўрлик тугатилганлиги билан мақтана оладиган бирор давлатнинг ўзи йўқ. Эътиборлиси, пора беришнинг, коррупциянинг турлари ҳам кўпайиб кетди. Ҳозирги кунда жиноятни яшириш учун нақд тўлов воситаси бўлмаган криптовалюталарда “ҳақ бериш” авж олди. Кўриб турганингиздек, дунёда коррупциявий ҳолат оғир бўлиб, у ҳар қандай давлатдан бу жирканч офатга қарши аёвсиз курашни талаб қилади. Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади.
Ҳар йили халқаро ташкилотлар коррупцияга қарши кураш борасида дунё давлатларининг вазиятини таҳлил қилиб боради. “Транспаренcи Интернашионал” халқаро ташкилоти шулар жумласидан. Унинг ҳисоботидан маълум бўлишича, дунё мамлакатларининг 86 фоизи охирги 10 йилда коррупцияга қарши курашда бирор ижобий силжишга эришмаган. 154 давлатда вазият ёмонлашган ёки ҳеч қандай ижобий ўзгариш юз бермаган. Коррупцияга қарши курашда вазият ижобий томонга ўзгарган мамлакатлар ҳам мавжуд. Улар орасида Марказий Осиёдан Ўзбекистон бор. Ўзбекистон охирги йилларда коррупцияга қарши кураш бўйича ўз рейтингини яхшилаб бормоқда. 2012-йилдан бери мамлакатимизнинг индексдаги кўрсаткичи 11 баллга ўсган. Демократлаштириш жараёнини жадаллаштириб, шунингдек, ҳукумат идораларида коррупцияга қарши курашни жонлантириб, Ўзбекистон минтақада бошқалар учун намуна бўлмоқда. Энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилди. Айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётир. Очиқлик бўйича халқаро рейтинглардаги мамлакатимизнинг ўрни 138 поғонага яхшиланиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда 30-ўринга кўтарилгани фикримизни дастаклайди. Бу билан Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ муаммолар йўқ демоқчи эмасмиз. Мамлакатимизда очиқлик сиёсати ўтказилаётгани, коррупцияга қарши кураш мавзуси ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилаяпти. Таъсирчан жамоатчилик назорати йўлга қўйилаяпти. Мухтасар айтганда, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий механизмларининг такомиллаштирилаётгани, бу жараёнга жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар албатта, ўз самарасини беради.
Сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилинди. Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари Президенти Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангач, илк имзо чеккан қонун “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун эканлигини таъкидламоқчиман. Қолаверса, айнан Президентимиз ташаббуси билан “электрон ҳукумат” тизимидан кенг фойдаланилмоқда. Электрон ҳукуматнинг жорий этилиши ва унинг имкониятларидан кенг фойдаланиш коррупцияга қарши курашишда энг самарали восита ҳисобланади. АҚШ, Буюк Британия, Швеция, Сингапур, Норвегия, Корея Республикаси каби мамлакатлар электрон ҳукуматни яратиш орқали коррупцияга қарши курашишда юқори натижаларга эришган. Юқоридаги давлатларнинг тажрибаларидан хулоса чиқариш мумкинки, электрон ҳукуматни жорий қилиш давлат бошқаруви органлари фаолиятида ошкораликни таъминлашга катта ёрдам беради.
Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашишнинг энг асосий йўли давлат органлари фаолияти ва иш жараёнлари шаффофлигини ошириш, ишга қабул қилиш, давлат харидлари, рухсатнома ва лицензиялар бериш каби жараёнларда очиқ-ошкораликни таъминлашдир. Албатта, буларни амалга ошириш осон бўлмайди. Лекин ўтган саккиз йил давомида бу борада катта тажриба тўпланди. Ушбу иллатга барҳам беришда энг самарали восита иллатнинг ўзи билан эмас, балки сабаби билан курашиш эканини кўрсатди. Шу ўринда эришилган натижаларга ҳам тўхталиш жоиз. Давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани, танлов ва тендер рақамлашиб, соғлом рақобат бўлгани учун ўтган йили 14 триллион сўм бюджет маблағи тежалди. Бир пайтлар одамлар кредит олиш учун кўплаб тўсиқ ва ғовларни енгиб ўтиши керак эди. Бугунга келиб барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни инсон омилисиз 5 дақиқа ичида онлайн бермоқда. Натижада олдин бу иш билан шуғулланган минглаб банкирлар энди маҳаллага тушиб, одамларга лойиҳа, кредит таклиф қилиб, мижозини кўпайтириш устида ишлаяпти. Одамлар боласини мактаб ёки боғчага жойлаштиришда сарсон бўлган, ишини “бошқа йўллар” билан ҳал қилишга тўғри келган эди. Ўтган даврда мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Ушбу соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайди. Бундан 7-8 йил аввал олийгоҳларга ўқишга киришда “таниш-билишчилик” авж олган эди. Соҳа рақамлашди, имтиҳонлар онлайн трансляция бўлаяпти. Аввал тест топшириб, тўплаган баллига қараб, кейин олийгоҳни танлаш тизими жорий қилинди. Олий таълимда 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари боди-камера билан хизмат ўтаётгани, авторақамлар аукционда сотилаётгани, “қўл радари” ва қоғоз баённома тузиш бекор қилингани учун коррупция омиллари кескин камайди. Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Натижада 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келди. Чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошди. Буларни ҳеч бири ўзидан-ўзи бўлгани йўқ. Ҳаммасига Президентимиз раҳнамолигида машаққатли меҳнат ҳисобига эришилди. Энг муҳими – буларнинг ҳисобига аҳоли, тадбиркорлар, хорижий ҳамкорлар, халқаро ташкилотлар ва инвесторларнинг Ўзбекистондаги ислоҳотларга ишончи мустаҳкамланди. Сўнгги етти йилда 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киргани, иқтисодиёт 2 карра ўсиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етгани бунинг яққол исботидир.
Очиғи, коррупциияга қарши кураш самарадорлиги ҳалол ва профессионал, юртпарвар кадрларга боғлиқ. Шу боис Бош вазирга 117 та вазирлик ва идорадаги “коррупцияга қарши ички назорат” тузилмалари раҳбарларини ишдан олиш ва уларнинг ўрнига ҳалол, фидойи ва профессионал кадрлардан қўйиш, уларни олдига аниқ вазифаларни белгилаб бериш топширилди. Вазирликларнинг ҳудудий комплаенс ходимларини бевосита вазирни ўзи ишга қўйиши, ўзига сиёсий масъулият олиб, бутун тизимидаги коррупция учун шахсан жавоб бериши белгиланди. Коррупцияни олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланади. Кадрларни ўқитиш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Давлат бошқаруви академиясининг етакчи сифатидаги роли сезилмаётгани ҳам айни ҳақиқат. Кадрларни баҳолашда эски намунадаги “объективка”дан воз кечиб, илғор IT технологиялар асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтилиши белгиланди. Лавозимга қўйишда ходимнинг қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон бўлади. Бу борада номзоднинг камчиликлари билан бирга яхши тарафларини ҳам холисона айтиш керак. Ваҳоланки, шу пайтгача бизда бундай тизим яратилмагсан эди. Энди эса бундан буён маҳаллаларда одамлар билан ишлаган, уларнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилган ёшлар орасидан раҳбар кадрлар танлаб олинади. Яна бир масала – давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти-соати келгани таъкидланди. Бу борада жамоатчилик фикри жуда муҳим. Шу боис мутасаддиларга тез фурсатда ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, 1 апрелгача киритиш топширилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича Агентликнинг иш услуби мутлақо ўзгарадиган бўлди. Бунинг учун тажриба тариқасида 5 та идора: Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзсувтаъминот”нинг комплаенс назорати агентликка ўтказилиши айни муддао бўлди. Коррупциянинг олдини олишда комплекс ёндашув зарур, сабаби, бусиз ушбу иллатни енгиб бўлмайди. Дуч келган битта соҳани танлаб, курашадиган бўлсак, коррупция занжирини асло узиб бўлмайди. Шу боис, давлатимиз раҳбари Парламент аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини ҳам бонг уриб, аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича фаол бўлишга чақирди, бунинг учун уларда етарли ваколат ҳам, шижоат ҳам бор. Коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилаётир. Масалан, инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, имтиёзли кредит ажратиш, ишга қабул қилиш, малака ошириш каби йўналишларда коррупция омиллари кўп. Ислоҳотлар натижадорлиги аввало, садоқатли, фидойи ва коррупцияга тоқатсиз янги авлодга бевосита боғлиқ. Бу ишда фикри тоза ёш авлодни тарбиялаш устувор вазифага айланса мақсадга мувофиқ бўлади. Шу мақсадда мактаб директорлари “Тарбия” фани доирасида ўғил-қизларимизга ҳалоллик, бировни ҳақига хиёнат қилмаслик каби эзгу ғояларни содда тилда тушунтириб бориши кераклиги таъкидланди. Ректорлар эса талаба ва ёшларнинг коррупцияга қарши лойиҳалари, стартап ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиши зарур. Узоқ йиллик педагогик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ўқувчи ва талабалар онгига коррупция тараққиётимизга тушов, деган ғояни қуя олсак, асримиз вабосини енга олишимиз мумкин. Умуман олганда, фуқароларимизда ушбу иллатга қарши курашишда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада шакллантира олишга эришмоқ асосий вазифа. Оила, боғча, мактабда ўғил-қизларимиз онгига тамагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамият таназзули эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормас эканмиз, мақсадга эриша олишимиз қийин кечади. Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, мутахассисларни жалб қилиб, жамиятимизнинг барча аъзолари «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланиши лозим.
Бугун ҳар биримиз жирканч иллатга қарши кураш масаласида ҳушёрликни қўлдан бой бермаслигимиз зарур. Бефарқ, лоқайд бўлар эканмиз, тараққиётга тўғаноқ бўлаётган бу иллатдан халос бўлолмаймиз. Уни бартараф этмас эканмиз, жамият дарахти мева тугиб, гуркираб ўсолмайди. Келажак авлод бу дарахтнинг саховатидан баҳраманд бўлолмайди.
Коррупция муқаррар фалокатдир. У келажакка ишонч, умид руҳини сўндиради. Жамиятда руҳсиз ва кайфиятсиз инсонларнинг кўпайишига, ўғрилик, каззоблик, айёрлик каби иллатларнинг палак ёзишига сабаб бўлади. Коррупциядек иллатга барҳам беришга қарши кураш мамлакатимизнинг яқин ва узоқ йиллар учун белгилаб олинган Тараққиёт стратегиясини тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади. Коррупцияга қарши кураш – умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон ишидир. Умуман, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги керак. Шу боис, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш учун янада кўпроқ шароит яратиб, бунга кенг жамоатчиликни жалб қилиш зарур. Аввало, нодавлат ташкилотлар фаоллигини ошириш лозим. Қолаверса, бу йўлда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳам долзарб саналади.
Топпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати,
социология фанлари доктори.