
15 март – "Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни”
Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлар марказида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан тадбир ўтказилди.
Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда давлат органлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда Қўмита томонидан ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этилди.
Таъкидланишича, 2024 йил давомида Қўмитага 30 минг 70 та мурожаат келиб тушган. Шундан 42,9 фоиз (13 минг мурожаат) уй-жой коммунал ва транспорт хизматларига, 33 фоиз (10 минг мурожаат) савдо ва умумий овқатланиш соҳасига, 20,9 фоиз (6 200 дан ортиқ мурожаат) алоқа, молия ва ижтимоий хизматларга тегишли бўлган. Кўриб чиқилган мурожаатлар натижасида истеъмолчиларга 32,9 миллиард сўм миқдорида зарар қоплаб берилган.
Савдо соҳасида 426 та ҳолатда 3,08 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги маҳсулотлар истеъмолчиларга қайтарилган ёки алмаштирилган.
Бундан ташқари, Қўмита истеъмолчиларнинг номанфий доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 10 та йўналишда 324 та тизимли ўрганиш ўтказган. Натижада 143,1 миллиард сўмлик ортиқча тўловлар аниқланиб, 129,5 миллиард сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Назорат харидлари натижасида 9,9 миллиард сўмлик сифатсиз маҳсулотлар сотилишининг олди олинган. Улар қайта ишлашга юборилган ва истеъмолчиларга етказилган зарар қопланган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4dWgVplnW1c" title="Moliyaviy savodxon yosh iste’molchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Тадбир давомида "German Sparkassenstiftung for International Cooperation" кўмагида ташкил этилган “Молиявий саводхон ёш истеъмолчи” онлайн олимпиадаси ғолиблари тақдирланди.
Шунингдек, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича энг яхши корхона” танлови ғолиблари ҳамда энг яхши корхоналарга “Истеъмолчи ишончи” сифат белгиси топширилди.
Н.Раҳмонова,
А.Содиқов (видео), У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА