
Миллийлик нафақат урф-одатларимиз, анъаналаримизда, шунингдек, кундалик турмуш тарзимиз ҳамда фаолиятимизда ўз аксини топади. Халқимиз эса қадриятларига садоқати билан ажралиб туради. Зотан, аждодларнинг маънавий мероси миллий маданиятимизнинг ажралмас бир қисмидир.
“Ўзмиллийбанк”АЖда ҳам ходимлар ўртасида миллийликни тарғиб қилиш, уларни давом эттиришга алоҳида аҳамият қаратилади. “Миллий либослар” челленжида фаол иштирок этаётган ҳамкасбларимиз билан жорий йилда бу борада ўтказиладиган кўрик танловлар ва тадбирлар режаси ҳақида давра суҳбати ташкил этилди.

Ходимлар билан ишлаш департаментининг ташаббуси билан ўтказилган семинарда миллий қадриятларнинг жамиятимиз учун аҳамияти, анъаналарнинг умрибоқийлигида ёшларнинг ўрни ва роли мавзусида фикр билдирилди. Айниқса, мазкур йўналишда Банкимизнинг хотин-қизлари жонбозлик кўрсатаётгани қувонарли, албатта. Бу жараён нафақат ишда, қолаверса, оилада ҳам миллий қадриятларга ҳурматни шакллантиради.
Шарқ маданиятининг ўзига хос жиҳати бўлган ўзбекона либослар айни ҳафтанинг жума кунида банк ҳодимларининг аксариятнинг кундалик либосига айланди. Миллий матоларимизнинг замонавий дизайндаги бичими нафақат ҳамкасбларимизда, мижозлар билан мулоқотда бўладиган ходимларимизнинг иш самарадорлигига ҳам сезиларли ижобий таъсир кўрсатаётгани эътиборга молик.
Бир сўз билан айтганда, Ўзмиллийбанк жамоаси айни кўклам нафаси кезиб юрган юртимизда баҳорий тароват ҳамда кайфиятга мос миллийликни тарғиб этишда фаол бўлишдан ва ташаббус кўрсатишдан доимо мамнун.