
Сўнгги йилларда кўплаб хасталиклар ёшариб бормоқда. Хусусан, миокард инфарктининг ёшлар орасида ҳам тез-тез учраётгани хавотирли, албатта. Илгари бу хасталик асосан 50-60 ёшдан ошган кишиларда кузатилган бўлса, эндиликда 30-40 ёшлилар, ҳатто 20 ёшдан ошган йигит-қизларда ҳам учраяпти.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Хуршид Фозилов бунинг асосий сабаблари, келтириб чиқарувчи омиллар, амал қилиш керак бўлган қоидалар ҳақида гапириб берди:
– Миокард инфаркти юрак мушагининг маълум бир қисмига қон етиб бормагани сабабли ўша тўқиманинг нобуд бўлишидир. Бунга одатда қон томирларда тўсиқ пайдо бўлиши, холестерин йиғилиши ёки тромб шаклланиши сабаб бўлади. Бу ҳолат юрак етказиб берадиган қон оқимини кескин камайтиради ва хавфли асоратларга олиб келиши мумкин.

Ёшларда инфарктнинг асосий сабаблари ҳақида гапирадиган бўлсак, аввало, нотўғри овқатланиш ва семизлик ҳам сабаб бўлмоқда. Афсуски, бугун аксарият ёшлар фаст-фуд, ёғли ва қовурилган таомлар, газли ичимликлар ва шакар миқдори юқори бўлган маҳсулотларни кўп истеъмол қилаётганини инкор этиб бўлмайди. Бу эса ортиқча вазнга, қон босими ошишига ва қон томирларда атеросклероз пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.
Ҳаракатсизлик (гиподинамия) ҳам бу касалликни чақирмоқда. Тан олиш керак, компьютер, смартфон ва бошқа гаджетлар ёшларни бироз дангаса қилиб қўйди. Спорт билан шуғулланмаслик, узоқ вақт бир жойда ўтириб ишлаш ёки ўқиш қон айланишига салбий таъсир кўрсатади.
Яна бир фактор сифатида ёшлар орасида бугун доимий стресс билан муаммолар ҳам йўқ эмас. Доимий зўриқиш, асабийлик организмда адреналин ва кортизол миқдорини оширади, бу эса юракни зўриқтириб, инфаркт хавфини кучайтиради.
Тамаки ва алкоголь истеъмоли ҳам ёшларда бу касалликнинг эрта уйғонишига олиб келаётган омиллардан биридир. Негаки, сигарет таркибидаги никотин ва бошқа зарарли моддалар қон томирларини торайтиради. Табиийки, бу юракка қон етиб боришини қийинлаштиради. Шунингдек, спиртли ичимликлар ҳам қон босими ошишига ва юрак ритмининг бузилишига сабаб бўлади.
Бу касалликнинг олдини олиш учун жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш талаб этилади.
Юрак артериялари торайганда ёки тўсилиб қолганда, юракка етарлича қон ва кислород етиб бормайди. Бу эса оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Бундай ҳолатларда стент қўйиш (коронар стентлаш) самарали ва тезкор даволаш усули ҳисобланади. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, анъанавий жарроҳликка нисбатан кам инвазив яъни кам кесмали амалиётдир. Шу боис беморнинг тикланиш жараёни анча енгил кечади.
Бизнинг кардиология марказимизда ҳам бундай амалиёт малакали шифокорлар ва юқори тиббий технологиялар асосида бир неча йиллардан бери муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.
Бир нарсани ёдда тутиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Мазкур амалиёт юрак хуружларининг олдини олиш, юрак-қон томир саломатлигини яхшилаш ва умрни узайтириш учун муҳим ҳисобланади. Агар юрак билан боғлиқ муаммоларга дуч келинса, марказ мутахассисларига мурожаат қилиб, зарур маслаҳат ва тавсияларни олиш мумкин. Бизда ҳар бир беморга аниқ ташхис қўйишга ва шу асосда самарали даво чораларини кўришга профессионал ёндашилади.
Марказимизда стентлашдан кейинги реабилитация жараёнига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу жараён тиббий кузатув, дори-дармонлар қабул қилиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва психологик қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.
Бемор уйига кетгунга қадар доимий кардиолог назоратида бўлади. Қон босими, юрак ритми ва умумий ҳолат кузатиб борилади. Қон ивишининг олдини олиш ва юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлаш учун зарур дорилар тавсия этилади.
Юрак учун фойдали парҳезга риоя қилиш назоратга олинади. Бундай ҳолатда беморга кам тузли, ёғсиз ва витаминларга бой маҳсулотлар (мева-сабзавотлар, балиқ, парҳез гўшти) истеъмол қилиш фойдали экани тиббий нуқтаи назардан тушунтирилади. Шифокор тавсияси ва назорати остида босқичма-босқич юриш, енгил гимнастика ва нафас машқларига киришилади.
Умуман олганда, Марказимиздаги профессионал мутахассислар томонидан олиб бориладиган реабилитация жараёни беморнинг янада яхши аҳволга қайтиши ва касаллик хавфини камайтиришга ёрдам беради.
Шифокор сифатида шуни айтиб ўтишим керакки, бу хасталик айни пайтда ёш танламаяпти. Шунинг учун ёшми, қарими юракда қандайдир муаммо пайдо бўлиши билан пала-партиш ва ўзбошимчалик билан даво чораларини қўлламасдан тезроқ мутахассисга мурожаат қилиши керак. Чунки, касалликни даволагандан кўра, олдини олган афзал. Қолаверса, юрак ҳазиллашадиган орган эмас.
Моҳигул Қосимова ёзиб олди, ЎзА