
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ҳар бир ташкилот ва идора зиммасига катта масъулият юклайди.
Коррупцияга қарши курашиш ҳаракатларида парламент палаталарига ҳам муайян вазифалар юклатилди. Шундан келиб чиқиб, парламент қуйи палатаси қўмиталари томонидан тегишли ташкилот, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликдаги ишлар, қўмиталар олдидаги вазифалар белгилаб олинмоқда.
Жумладан, Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, коррупцияга қарши курашиш борасидаги режалар белгилаб олинди.
****
Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда эса Ҳисоб палатаси томонидан ташкил қилинган реал вақт режимидаги мониторинг тизими бўйича мамлакатимизда давлат молиявий ресурсларининг самарали бошқарилиши, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан давлат молиявий назорати, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларининг ижроси самарали ташкил этилётгани кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Ҳисоб палатасида масофавий назорат маркази фаолияти 3 та йўналишда, жумладан Ҳисоб палатаси ички ва ташқи фаолияти назорати, вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларидан фойдаланиш асосида амалга оширилмоқда. Шунингдек, риск-таҳлилларни вазирлик ва идоралар томонидан ўрганиш учун “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилинган. Мазкур тизимда бюджетдан энг кўп маблағ олувчи 12 та вазирлик бўйича 28 та риск-таҳлил механизмлари ва 447 та модуллар орқали назорат тадбирлари амалга оширилади.

Бюджет буюртмачиларининг қонунга зид бўлган тўловларини онлайн тўхтатиш модули ҳам ишга туширилган. Масофавий аудит тизими орқали 2024 йилда 3,7 триллион сўм бюджетга қўшимча тушумлар таъминлангани, вазирлик ва идораларнинг 9,2 триллион сўмлик самарасиз харажатлари мақбуллаштирилгани, 2,3 триллион сўмлик молиявий камчиликларнинг олди олингани айтиб ўтилди. Давлат харидларига оид 4,5 триллион сўмлик камчиликлар бартараф этилгани депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.
Қўмита аъзолари масофадан туриб камчиликларнинг барвақт олдини олиш тизимининг қамровини кенгайтириш, давлат улуши мавжуд корхоналарнинг молиявий фаолиятини доимий мониторинг қилиб бориш ҳамда бюджетга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва молиявий хавф-хатарларнинг барвақт олдини олиш тадбирларини доимий тарзда ўтказишга оид фикр ва таклифлар билдирди. Депутатлар Ҳисоб палатаси билан ҳудудларда Давлат бюджети маблағларининг мақсадсиз ишлатилиши оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА