
Мамлакатимизда парваришга муҳтож кексаларнинг яхши ҳаёт кечириши учун имконият яратиш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг вақтини унумли ўтказишга қаратилган комплекс хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 27 декабрдаги "Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатувчи ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида“ги қарорида бир қанча вазифалар белгилаб берилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати йўлга қўйилди. Ушбу хизмат “Камбағал оилалар реестри” ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилаларнинг ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси Бартел ва Лаутон шкалалари бўйича 0 баллдан 62 баллгача бўлган аъзолари учун таклиф этилади.
Хизмат кўрсатувчи, яъни аутсорсинг шартлари асосида хизмат кўрсатишга жалб этилган тадбиркорлик субъекти ҳафтада 5 иш куни давомида кунига камида 8 соат давомийликда хизмат кўрсатади.
Хизматни кўрсатиш давомида шахсга қараб туриш (йиқилиш ва жароҳатланишнинг олдини олиш), шахсни парваришлаш (овқатлантириш, гигиеник тадбирларни амалга ошириш), улар билан мулоқот қилиш, уларни ўз-ўзига хизмат қилишга ўргатиш каби тадбирлар амалга оширилади.
Шунингдек, хизматдан фойдаланувчи билан келишувга мувофиқ бошқа хизматлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Бу хизмат туридан фойдаланиш истагида бўлган фуқаролар “Инсон” марказларига ёки маҳалладаги ижтимоий ходимга мурожаат қилишлари мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА