
Ватанимиз тарихидаги 13 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1130 йил (бундан 895 йил олдин) – Ғарбий Қорахонийларнинг пойтахти Самарқанд шаҳри Салжуқийларнинг қирқ тўрт ёшли ҳукмдори султон Санжар томонидан эгалланди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Самарқанд ҳукмдори Қодирхон вафотидан кейин султон Санжар Марвдан қорахоний Муҳаммад Арслонхон (ҳукмронлик даври 1102–1130)ни даъват қилиб Самарқандга ҳоким этиб тайинлаган эди. Бир неча йилдан кейин Муҳаммад Арслонхон фалаж бўлгач, Самарқандни унинг ўғли Насрхон отаси билан бирга бошқарадиган бўлди.
Бу вақтда Самарқандда кўп тарафдорлари бўлган фақиҳ Ҳасан Шариф Ашраф яшарди. У шаҳарнинг рaиcи билан тил бириктириб Насрхонни отаси шаҳарда бўлмаган пайтда ўлдирди. Самарқандга келган Насрхоннинг укаси фақиҳни қатл қилиб, раисни қамади. Шундан сўнг Санжарга одам юбориб, унинг ҳокимиятини тан олди ва лашкари билан юришга чиққан Санжарга Хуросонга қайтишини сўради. Бироқ султон Санжар Самарқандни қамал қилиб тўрт ойдан кейингина – 13 март куни забт этди.
1370 йил (бундан 655 йил олдин) – Амир Темур катта амирлари: Жоку барлос, Сайфуддинбек ва Аббос баҳодирларни ҳузурига чақиртириб, ёпиқ кенгаш ўтказди. Шу ернинг ўзида Балх устига, амир Ҳусайнга қарши юриш бошлаш ва душманни Балх атрофида босишга қарор қилинди. Қуйида мазкур махфий кенгашда иштирок этган, соҳибқироннинг энг яқин кишилари бўлган саркардалар ҳақида тўхталиб ўтсак.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, барлос уруғининг йирик, нуфузли вакили Жоку Амир Темурнинг қариндоши, сафдоши ва қайнотаси эди. У 1371 йилда Зиндачашмнинг Амир Темурга қарши уюштирган фитнасини бостирган. Соҳибкирон томонидам Кобул вилояти ҳокими этиб тайинланган. 1376 йилда Амир Темур улкан лашкарга бош бўлиб, Жўжи улуси ҳукмдори Ўрусхонга қарши юришга отланганда Жоку барлос Самарқанд бошқаруви учун масъул этиб белгиланган. Номдор бек 1384 йилда Кобулда вафот эттан.
Амир Темурнинг содиқ сафдоши, маслакдоши, ишончли дўсти бўлган Сайфуддинбек атоқли лашкарбоши, ҳожи ва мунажжим эди. 1370 йилнинг 9 апрелида Мовароуннаҳр тахтига ўтирган Темурбек Сайфуддинбекка салтанатдаги мавжуд олий ҳарбий рутбаларнинг навбатдагиси ҳисобланган лашкар амири (амири лашкар) ва тавочи мансабини берган. 1371 йилда олий фармонга мувофиқ Сайфуддинбек Самарқанд доруссалтанат доруғаси этиб тайинланган. Ушбу лавозимда у 1375 йилга қадар фаолият юритган, 1376 йилда Сайфуддинбек Байтуллоҳга ҳаж сафарига борган. Темурбек Ҳожи Сайфуддиннинг нафақат ҳарб санъати, илми нужум, илми шариат, шунингдек, элчилик илмидан ҳам яхши хабардорлигини билган. Шу боис аксарият ҳолларда унинг зиммасига масъулиятли музокаралар олиб бориш вазифасини юклаган. Сайфуддинбек соҳибқирон юришларида ҳам фаол иштирок этган.
Қипчоқ уруғи сардорларидан бўлган Аббос баҳодур ҳам Амир Темурнинг яқин сафдошларидан бири эди. У Жета мўғулларига қарши олиб борилган курашнинг фаолларидан бўлган. “Лой жанги”да соҳибқирон черики қанотларини ҳимоя килувчи қисм (қунбул)да туриб, матонат кўрсатган. Аббос баҳодур 1387 йилнинг охирида Чукапак мавзесида Тўхтамишхон аскарлари билан кечган тўқнашувда яраланган ва орадан кўп вақт ўтмай вафот этган.
1403 йил (бундан 622 йил олдин) – Амир Темурнинг Кичик Осиёга – Боязид Йилдиримга қарши юришида фаол қатнашган набираси, валиаҳди Муҳаммад Султон Мирзо Кичик Осиёдан қайтаётганда шамоллаб, Қора Ҳисор мавзесида 27 ёшида вафот этди. Муҳаммад Султон Мирзонинг жасади Оқшаҳарга жўнатилди. Шарафуддин Али Яздийнинг берган маълумотига кўра, Муҳаммад Султон Мирзонинг ҳоки Самарқанддаги марҳумнинг мадрасаси ёнидаги мақбарага дафн қилинади.
Тарихчи олим Турғун Файзиевнинг ёзишича, Муҳаммад Султон Мирзонинг вафоти ўрдугоҳни ларзага келтиради. Амир Темур суюкли набираси вафотидан қаттиқ қайғуради. Барча қўшинлар қора либосга бурканади. Ҳатто оқ от миниш ҳам ман этилади. Ҳар куни тонг саҳарда йиғи билан таъзия бошланиб, кечқурун яна йиғи билан хотималанарди. Мазкур тартиб бир неча кун давом этади. Ниҳоят, лашкарбошиларнинг тасалли беришлари воситасида бир неча кундан сўнг соҳибқирон таъзияни тўхтатади.
1508 йил (бундан 517 йил олдин) – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўғли Ҳумоюннинг туғилиши шарафига Кобулдаги чорбоғда тўй берди. У “Бобурнома”да: “Жуда яхши тўй бўлди”, – деб ёзади, бироқ тўйнинг тўлиқ тафсилотини бермайди.
1870 йил (бундан 155 йил олдин) – Россия империяси ҳарбий вазири, генерал-адьютант Дмитрий Милютин Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфманга ёзган хатида Хива хонлигига қарши тузилган ҳарбий режа Россия императори Александр II томонидан маъқулланганини маълум қилди.
Ушбу хат билан Хива хонлигининг тақдири ҳал килинган эди. Аммо, шу йили Қашқарда рўй берган воқеалар туфайли Кауфман Хива билан боғлиқ режасини кейинроққа қолдиришга мажбур бўлди. Хива билан муносабатларда эса вақтдан ютиш мақсадида дипломатик алоқаларни давом эттирди.
1904 йили (бундан 121 йил олдин) – Темир йўллар қуриш бошқармаси қўмитаси Бухоро–Қарши–Калиф–Термиз ва Самарқанд–Қарши (жами 567 вёрст) ҳамда Қарши–Шеробод–Термиз (жами 269 вёрст) йўналишлари бўйича техник тадқиқот ишлари олиб бориш тўғрисида қарор қабул қилди.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистон ҳукумати ўлкадаги барча канал ва суғориш тармоқларини бошқариш ҳуқуқини Ер ишлари халқ комиссарлигига ўтказиш ҳақида махсус декрет қабул қилди. Унга мувофиқ каналлар, ариқлар ва бошқа суғориш тармоқларига, сув ресурсларига ҳам бевосита давлат эгалик қиладиган бўлди.
1952 йил (бундан 73 йил олдин) – СССР Министрлар Советининг “Ўзбекистон ССРда суғориш шохобчаларини қайтадан қуриш ва янги суғориш тизимига ўтиш ишларининг бориши тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ республикамиздаги 1,5 миллион гектар майдонда 570 млн метр куб ҳажмида тупроқ ишлари амалга оширилди. Бироқ малакали мироблар ва сувчиларнинг етишмаслиги ёки борларининг ҳам тажрибасизлиги туфайли сувдан бемақсад фойдаланишга, исрофгарчиликларга йўл қўйилди.
1969 йил (бундан 56 йил олдин) – Амударё сувининг тошиши натижасида Беруний шаҳридаги бир қанча бинолар жиддий зарар кўрди. Лекин тез фурсатда шаҳар қайта тикланди.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кимё саноатини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бухоро-Мискин темир йўл линиясини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Екатеринбург шаҳрида (Россия Федерацияси) Ўзбекистон Республикасининг Бош консуллигини очиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олиш ва тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади