
“Ташаббусли бюджет”нинг 2025 йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланди.
Овоз бериш жараёнлари 20 март куни соат 23:59га қадар давом этади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг хабар беришича, ушбу жараёнда овоз беришга мажбурлаган мансабдорларга чора кўрилади.
Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шу ҳаракат такроран ёки вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса, Жиноят кодексининг 148²-моддасига асосан жавобгарликка тортилади.
Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига дуч келсангиз, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг (71) 200-06-00 ишонч телефонига қўнғироқ қилинг.
Ш.Маматуропова,
ЎзА