Бу ҳақда Инновацион ривожланиш агентлиги бошқарма бошлиғи Умиджон Ҳошимов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда экологик тоза сиқилган табиий газ (СТГ) ёқилғиси асосида ишлайдиган қишлоқ хўжалиги техникасини яратишга қаратилган инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда.
– Ушбу лойиҳа Корея Республикасининг Корея юқори технологиялар институти (KIAT), Инновацион ривожланиш агентлиги, "Ўзавтосаноат" АЖ ва Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида татбиқ этиляпти, – деди У. Ҳошимов. – Унинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Лойиҳа Корея Республикасининг ОDA дастури доирасида беғараз кўмак асосида молиялаштирилмоқда. Унинг асосий мақсади R&D тадқиқот ва ишланмалар марказини ташкил этиш ҳамда мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги техникаларини экологик тоза СТГ ёқилғисига ўтказишдир. Бу эса мамлакатда экологияга нисбатан таъсирни камайтириш, ёқилғи харажатларини оптималлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш имконини беради.
Лойиҳа доирасида замонавий СТГ-4 газ баллонли ускуналар жорий этилади. Бу ускуналар двигатель учун хавфсиз, кам харажатли ва ҳайдовчининг аралашувини минимал талаб этадиган ечим ҳисобланади.
Шунингдек, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида технологик ечимлар ишлаб чиқилади, замонавий асбоб-ускуналар жорий этилади ҳамда улардан самарали фойдаланиш бўйича ўқув ва малака ошириш курслари ташкил этилади.
Лойиҳанинг жорий ҳолати ва истиқболларига тўхталадиган бўлсам, 2023 йил ноябрь ойида Кореядан дастлабки асбоб-ускуналар олиб келиниб, ўрнатилди. Шунингдек, “Siemens” компаниясининг NX дастури ёрдамида қишлоқ хўжалиги техникасини моделлаштириш ва лойиҳалаштириш бўйича ўқув курслари ташкил этилди.
Ҳозирги кунда Чирчиқ шаҳридаги қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерида тадқиқот маркази учун бино қурилиши якунланган бўлиб, кореялик ҳамкорлар мазкур бинода жойлашадиган марказнинг бош режасини ишлаб чиқмоқда. Лойиҳа якунига қадар дастурий таъминот ва қўшимча ускуналарни етказиб бериш, мутахассисларнинг Ўзбекистон ва Корея Республикасида ўқитилиши ҳамда 50 дона СТГ ёқилғисида ишлайдиган турли қувватдаги қишлоқ хўжалиги техникасини олиб келиш режалаштирилган.
Мухтасар айтганда, мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион ечимларни жорий этиш, экологик тоза технологияларни ривожлантириш ва иқтисодий самарадорликни ошириш йўлида муҳим қадам бўлади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.