Гулистон шаҳридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилоят бўлимида “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурига қабул имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Саралаш бир босқичда ўтказилиб, иштирокчилар математика ва инглиз тили бўйича 40 та саволдан (жами 80 балл) иборат тест топширишди. Олимпиада ғолибларига 20 баллгача қўшимча, Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестридаги фарзандларга эса 10 балл имтиёз берилди. Ҳудудлар квотаси асосида энг юқори балл тўплаган ўқувчилар дастур иштирокчиси бўлади.

Бу йил Сирдарё вилояти бўйича 694 нафар иқтидорли 9-синф битирувчиси саралаш синовларида иштирок этди. Улар дастур доирасида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасаларига тайёргарлик кўришади.

Таълим жараёнида иштирокчиларга Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг малакали маслаҳатчилари бириктирилиб, улар олий таълимга кириш учун зарур билим ва кўникмаларни ривожлантириш, шахсий портфолио тузиш ва рағбат хатларини ёзишда ёрдам беришади.

– Дастур доирасида Ренессанс оромгоҳида қўшимча чуқурлаштирилган курслар ташкил этилади. Уларда тадқиқот методологияси, ижтимоий лойиҳа тайёрлаш, дизайн фикрлаш, жамоада ишлаш ва очиқ нутқ маданияти каби фанлар ўқитилиб, ўқувчиларнинг шахсий портфолиосини бойитишга хизмат қилади, – деди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳудудий вакили Ойбек Ҳакимов.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги фармони билан тасдиқланган “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Дастур инсон капиталини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш ва уларни глобал меҳнат бозорида рақобатбардош, юқори малакали мутахассислар сифатида тайёрлашга қаратилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири