Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда маиший чиқиндиларнинг йиллик ҳосил бўлиш ҳажми прогнози 14-14,5 миллион тонна атрофида баҳоланиб, аҳолининг ўртача 1,5 фоизга кўпайиш суръати ҳисобга олинганда, ушбу кўрсаткич 2028 йилга келиб 16-16,7 миллион тоннага етиши мумкин.
Зеро, ушбу чиқиндилар аҳоли саломатлиги, атроф-муҳитга хавфли ҳисобланади. Боз устига чиқиндилар аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолатига, мамлакат имижига салбий таъсир кўрсатади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ўтказилди.
Пресс-тур "Profpack" корхонаси мисолида қоғоз ва картон чиқиндиларини қайта ишлаш жараёни билан танишиш мақсадида ташкил этилди.

Қайд этилишича, мамлакатимизда ҳар йили 600–700 минг тонна қоғоз чиқиндилари ҳосил бўлади. Республикада бу турдаги чиқиндиларни қайта ишловчи 104 корхонада йилига 185,6 минг тонна қоғоз ва картон қайта ишланмоқда. Бу чиқиндиларни иккиламчи хомашё сифатида иқтисодиётга қайтариш имконини беради. Айни пайтда Ўзбекистонда маиший чиқиндиларнинг асосий турлари, жумладан, полиэтилен, қоғоз, шиша, тўқимачилик, техник мой чиқиндилари, металлар, автомобиль шиналари ва резина маҳсулотлари қайта ишланмоқда.
2024 йилда юртимизда 14,8 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган бўлса, шундан 900,5 минг тоннадан ортиғи 292 та ихтисослаштирилган корхонада қайта ишланган.
Тошкентнинг Сергели туманидаги Янги Ҳаёт маҳалласида жойлашган “Profpack” корхонасида ҳар ой 2,5 минг тоннага яқин қоғоз чиқиндилари қайта ишланади. Завод кунига 100 тоннагача чиқиндиларни қайта ишлашга қодир. Қайта ишлаш жараёни саралаш, майдалаш, намлаш, тозалаш, сиқиш ва қуритишни ўз ичига олади, шундан сўнг тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Пресс-тур давомида соҳа вакиллари мамлакатда “нол чиқинди” тамойилига эришиш мақсадида қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА