
Мамлакатимиз аҳолисини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш “Ҳудудгазтаъминот” АЖ олдидаги муҳим вазифа ҳисобланади. Бу жараённи янада самарали ташкил этиш учун рақамлаштириш ва автоматлаштириш тизимларини жорий этиш асосий аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан бу борада қатор чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Бу ҳақда мазкур ташкилотнинг бошқарма бошлиғи Акмал Жўраев қуйидагиларни маълум қилди:
– Биз 3 миллион 700 мингдан ортиқ истеъмолчини барқарор суюлтирилган газ билан таъминлаймиз. Тизимга рақамлаштиришнинг татбиқ этилаётгани самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда юртимизнинг олис ҳудудларида ҳам истеъмолчиларга суюлтирилган газ белгиланган муддатларда етказиб берилади. Бу жараён график асосида амалга оширилиб, барча ишлар автоматлаштирилган тизим орқали назорат қилинади.
Ҳар бир истеъмолчининг охирги марта қачон газ олгани ва унинг даврийлик муддати электрон тизимда қайд этилади. Мутахассислар маълумотлар базаси асосида кунлик режаларни шакллантиради ва “Маҳаллабай” тизими орқали автотранспортларни манзилларга йўналтиради.
Шунингдек, 2024 йил июль ойидан бошлаб рақамлаштириш доирасида махсус мобиль иловалар ишлаб чиқилмоқда. Яқин кунларда унинг мобиль версияси ишга туширилиши режалаштирилган. Бу орқали ҳар бир истеъмолчи ўз шахсий кабинетини шакллантириб, газ етказиб бериш жараёнини кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, СМС-хабарномалар тизими ҳам йўлга қўйилган. Барча жараёнлар “Е-газ” дастури орқали назорат қилинади. Жорий йилда режа бўйича 56 минг тонна суюлтирилган газни аҳолига етказиб бериш белгиланган. Бу тизимли ишлар туфайли газ таъминотида барқарорлик таъминланмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qRcZBrAijYk" title="Suyultirilgan gaz etkazib berish tizimi raqamlashtirilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Еқубов (видео), Анвар Аҳмедов (видеомонтаж), ЎзА