Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида инглиз олими Уильям Эрскин шундай деган: “Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди”.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Каромат Муллахўжаева ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, Бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва илмий мероси ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

– Заҳириддин Муҳаммад Бобур тарихда ўтган юзлаб, минглаб ҳукмдорлар қаторида номи тилга олинадиган, ўз сиёсати ва ҳарбий тактикаси билан ажралиб турадиган ҳукмдорлардан биридир. Дунё  олимлари Бобурни Юлий Цезарга, “Бобурнома”ни эса Цезарнинг “Комментарийлар”ига қиёслайди, ҳатто Бобур ва “Бобурнома”ни Цезарь ва унинг асаридан устун қўяди. Бобур ижодида ўзбек насрининг бебаҳо адабий ёдгорлиги – “Бобурнома” асари муҳим ўрин тутади. Маълумотларнинг жамлангани ва уларнинг ишончлилиги бўйича “Бобурнома” ўрта асрларда Марказий Осиё, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистонда ёзилган бу каби асарлар орасида беназир ва муҳим қимматга эга тарихий наср намунасидир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари ўз даврининг маънавий, ижтимоий-сиёсий ҳаётини акс эттирувчи қимматли манба. Бобурдек ҳукмдор ва шоирнинг мураккаб ва серташвиш ҳаёт йўлини кўрсатган ушбу асардан Бобурнинг фармонлари ҳам ўрин олган. Улар ўз навбатида Бобурнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти ва унинг шахсияти ҳақидаги фикрларимизни кенгайтириш учун хизмат қилади.

Бобуршунослар орасида Бобур фармонларига муайян масалалар доирасида эътибор қаратилган. Хусусан, академиклар Сабоҳат Азимжонова, Азиз Қаюмов, профессор Ҳасан Қудратиллаев Бобур фармонларини давлат бошқаруви соҳасидаги тадқиқотлари доирасида ўрганиб чиққан.  Ҳиндистон ва Покистондан деярли ярим аср олдин Сабоҳат Азимжонова томонидан олинган учта фармон нусхаларининг матнлари асосан мадади маош ёки суюрғол масалаларига тегишли. Ушбу фармонлар ўша даврдаги Панжобда мавжуд ер муносабатлари ҳақидаги билимларимизни тўлдиради. “Ҳиндистонда бўлган пайти  Бобур доимий равишда Ўрта Осиё, Афғонистон ва Эрон билан савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга интилди. Бу алоқалар Бобурнинг 1511 йилдаги мағлубиятидан сўнг узилиб қолган эди... Бобурнинг Агра ва Кобул ўртасидаги масофани ўлчаш, карвонсаройларни ободонлаштириш, савдо йўлларида махсус қудуқлар қуриш, йўловчилар учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларнинг улови учун ем-хашак тайёрлаш бўйича махсус фармони мамлакатнинг товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, бошқа мамлакатлар билан ташқи алоқалар тизимини яхшилаш мақсадида чиқарилган эди”, – деб ёзади олима. 

Шуни алоҳида таъкидлаш муҳимки, Бобур фармонларининг асосий манбаи бу – “Бобурнома”дир. “Бобурнома”да подшоҳ Бобурнинг юздан ортиқ фармони батафсил баён этилган. Ушбу фармонларнинг матнлари ҳар доим ҳам иқтибос кўринишида келтирилмайди. Кўп ҳолларда фармоннинг ёзилиш сабаби, вақти ва унинг адресати ҳақида маълумотлар берилади, унинг мазмуни эса ўқувчига баъзан батафсил, баъзан эса умумлаштириб етказилади. Айтиш мумкинки, буни “Бобурнома”нинг услуби талаб қилади. Маълумки, Темурийлар давлатчилиги мукаммал шакллантирилган ва унинг давомчиларидан бири бўлган Бобур, албатта, бу масалага бефарқ эмас эди. Айни пайтда Бобурнинг ижодкор шахс экани фармонлари кучининг ошишига ёрдам берган. 

Фармонлар Бобур олиб борган сиёсатни акс эттиради. “Бобурнома”да кўрсатилган фармонларнинг турларига қараб, ташқи ва ички сиёсат вазият талабларига мувофиқ бир-бири билан уйғунликда амалга оширилганини кўриш мумкин. Тинчлик даврида Афғонистон ва Ҳиндистонда ички сиёсат, шу жумладан, ободонлаштириш ишлари тўғрисида фармонлар чиқарилди. Масалан, Бобур масъул шахсларга қудуқ қазиш, ҳаммомлар қуриш, боғлар барпо этиш ва муайян иншоотларни қуриб якунлаш билан боғлиқ ишларни бажаришни буюриб, фармон беради.

Ҳарбий сиёсатга оид фармонлар қўшинни бошқаришда жуда муҳим аҳамият касб этарди. Чунки Бобур олиб борган деярли барча жанглар жуда оғир ва қийин шароитларда кечди. Турли халқлардан ташкил топгани Бобур қўшинининг аскарларида қайсидир вазиятларда қилаётган ишига нисбатан  ишончсизлик ҳисси пайдо бўлар ва буни яхши ҳис қилган Бобур уларни турли йўллар билан қўллаб-қувватлар, бешак ғалаба қозонишларига ишонтириб, уларни илҳомлантирар эди. Кўпинча, урушда эришилган ғалабадан сўнг, аскарларни мукофотлаш ва рағбатлантириш учун фармонлар чиқарарди. 

Айнан шу ерда Бобурнинг характери, унинг қатъиятли  раҳбар шахс ва кўнгил одами экани намоён бўлди. Бобур “Бобурнома”да шундай ёзади: “Шу кунларда бўлиб ўтган воқеалардан, аввал ҳам зикр этилганди, каттаю кичикда қўрқув ва хавотир ошди. Ҳеч кимдан мардона сўз ва шижоатли фикр эшитилмасди. На сўзамол вазирлар ва вилоят сўраётган амирларнинг на сўзларида, на тадбирларида мардоналик бор эди, на ўзлари ва қарорларида ҳиммат бор эди. Бу юришда биргина Халифа ўзини жуда яхши тутди. Ҳокимиятни қўлда тутиш, мустаҳкамлаш бобида саъй-ҳаракат ва ғайрат қилиб хатога йўл қўймади. Охири, одамларнинг бундай қўрқоқлик ва сустликларини кўриб, бир режа ўйлаб топдим. Барча бек ва йигитларни чақириб шундай дедим:

“Беклар ва йигитлар!

Ҳарки омад бар жаҳон аҳли фано хоҳад буд,

Он ки пояндаву боқист, Худо хоҳад буд.

(Мазмуни: Ҳар кимса бу жаҳонга келаркан, охири йўқликка кетади, абадий қолувчи ёлғиз Оллоҳдир).

Ҳаёт мажлисига кирган одамнинг ҳар бири охир-оқибат ажал қадаҳидан ичади ва тириклик манзилига келган ҳар бир киши охири дунё ғамхонасидан кечиб кетади. Ёмон ном билан тирик юргандан, яхши ном билан ўлган афзал.

Ба номи некў гар бимирам равост,

Маро ном бояд, ки тан маргрост.

(Мазмуни: Яхши ном билан ўлсам, шу етади, менга яхши ном керак, тана эса ўлим учундир.)

Тангри таоло бундай саодатни бизга насиб қилибди ва бундай давлатни бизга яқин айлабди. Ўлган – шаҳид, ўлдирган – ғозий. Барчангиз Тангрининг каломи номи билан бу урушдан ҳеч ким юз ўгиришни хаёлига келтирмаслиги ва то танасидан жони чиқмагунича, бу жанг ва урушдан чиқиб кетмаслигини айтиб, онт ичмоғингиз керак”. 

Бек ва навкар, каттаю кичик — ҳаммаси истак билан Қуръонни қўлига олиб, ана шу мазмунда қасам ичиб, ваъда бердилар. Бу жуда яхши режа эди. Яқин-йироқдаги дўсту душманнинг кўзи ва қулоғи эшитиши учун яхши бўлди”.

Қўшиндаги аскарларнинг интизомига оид фармонларда нафақат аскарлар манфаати, балки босиб олинган ер аҳолисига ғамхўрлик ҳам акс эттирилган. “Бобурнома”дан мисол: “Ён атрофларида эканимизда шаҳардан кўп бозорчилар ва ҳар хил одамлар чиқиб, ўрдамиз бозорга айланиб, савдо-сотиқ қилар эдилар. Бир куни кечқурун бирдан халойиқ ғавғо кўтариб, мусулмонлар молини батамом талон-торож қилдилар. Лашкар забти шу даражада эдики, элнинг таланган нарсаларининг ҳаммасини сақламай қайтариб берсинлар, деган фармон бўлди. Эртаси эрталаб икки-уч соат ичида бир қатим ип ва игна синиғигача бирор нарса лашкар қўлида қолмади, ҳаммасини эгаларига қайтариб бердилар”.

Бобур фармонлари орасида чақирув фармонлари, шунингдек, ваъда ва таҳдидлар тўғрисидаги фармонлар муҳим ўрин тутади. Булар, асосан, ташқи сиёсатга оид фармонлардир. Чақирув фармонларида Бобур ўзи босиб олган ерлар атрофида жойлашган халққа ва уларнинг ҳукмдорларига мурожаат қилиб, уларни ўзига қаратишга ҳаракат қилса, ваъда ва таҳдидларга оид  фармонларида ихтиёрий-мажбурий бўйсунишга даъват шаклини қўллайди. Бобурнинг хабар беришича, у ўз фармонларини муҳрлаб, элчи, чопар ёки ишончли вакил орқали юборган. Унинг фармон чиқаргани ва ижросини ўзи назорат қилгани ҳақидаги маълумотларни ҳам ушбу хотира-мемуарда ўқиш мумкин. Масалан: “Бу қароргоҳдан кўчиб Шоҳободга келдик. Султон Иброҳимнинг қароргоҳига “тил” тутиб келиш учун одам жўнатдик ва шу боис бир неча кун шу ерда қолиб кетдик. Раҳмат пиёдани ғалаба ҳақидаги хабарлар билан Кобулга юбордик”.

“Бобурнома”да иккита фармон тўлиқ берилган. Бобур ушбу фармонлар қандай тайёрлангани ва уларни ёзиш сабаблари ҳақида батафсил маълумот беради. Бу фармонлар форсийда битилган. Биринчи фармон маст қилувчи ичимликлардан воз кечишга қаратилган бўлса, иккинчиси Раано Санго билан бўлган жангга тегишли.

Бобурнинг маст қилувчи ичимликларга муносабати “Бобурнома”да яхши тасвирланган. Бошқа Темурийлар сингари, Бобур ҳам шаробдан бебаҳра бўлмаган.  Аммо у қилган барча ишларини ва уни ташвишга солган нарсаларни таҳлил қилгач, бошқа бу ичимликка берилмаслик ҳақида ўзига сўз беради. Ушбу фармон, шунингдек, Бобурнинг руҳий изтиробларини, кўнглида кечаётган ташвишларини ҳамда ўз-ўзи билан бўлган катта курашини ифодалайди. Ушбу фармон имонни мустаҳкамлаш ва кейинги ғалабалар учун замин яратди.

Бу икки фармоннинг Бобур ва Бобурийлар фаолиятидаги ролини, ўша даврдаги сиёсий ва ижтимоий ҳаёт манзарасини тасаввур этишдаги ўрни жуда муҳим. Бу фармонлар махсус тадқиқотларни талаб қилади. Бобурнинг инсоний фазилатлари ва қалби форсий тилда ёзилган махфий васиятномасида ҳамда қариндошларига, шу жумладан, болаларига ёзган мактубларида янада аниқроқ кўринади. Тарихий воқеаларнинг муҳим тафсилотларини ўз ичига олган Бобур фармонлари ўша даврнинг ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий ҳаётини  ва давр руҳини акс эттира олади. 

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бобурнома” асарида Бобур фармонларининг аҳамияти