Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларига ҳуқуқий ечим топиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори М.Эгамбердиев пойтахт аҳолиси учун жойларда навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.
Уч кун давом этган қабул кунларида 65 нафар фуқаро ҳамда ташкилот вакиллари Бюро раҳбари томонидан қабул қилинди.
Унда алимент, қарз ва зарар суммаларини ундириб бериш, гаров мулкларини аукцион савдоларига чиқариб берилиши юзасидан, уйга киритиш ҳамда уйдан чиқариш масалалари бўйича мурожаатлар келиб тушди.
Жумладан, Бюронинг Чилонзор туман бўлими иш юритувидаги ижро ҳужжати бўйича ундирувчи З.Турдиева 2 нафар фарзандига алимент ундириш масаласида мурожаат қилган. Ўз мурожаатида қарздор узоқ муддатдан буён алимент пулларини тўламай келаётганини билдирган. Қарздор қидирувга берилгани маълум бўлиб, мазкур ижро ҳужжати назоратга олинди.

Шунингдек, Бюронинг Яккасарой туман бўлими иш юритувидаги фуқародан фуқаро фойдасига қарз ундириш юзасидан А.Абдураҳмоновнинг мурожаати кўриб чиқилиб, қарздорнинг ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки йўқлиги маълум бўлди. Шунингдек, мазкур қарз ундируви ижро ҳужжати назоратга олиниб, қисқа фурсатларда қарздорнинг такроран мол-мулки кўздан кечирилиб, ундириш чоралари кўрилиши тушунтирилди.
“Ҳамкорбанк” АТБ ишончли вакили Ш.Абдунабиев банк кредит қарз суммаларини ундириш юзасидан ижро ҳужжати Бюронинг Учтепа туман бўлими иш юритувида экани, қарздор фуқаронинг гаров мулки бўлган автотранспорт воситаси хатланган бўлса-да, аукцион савдоларига чиқарилмаганини билдирган. Мазкур мурожаат юзасидан ижро ҳужжатидаги ихтиёрий муддат тугаганидан сўнг гаров мулки аукцион савдоларига чиқарилиши тушунтирилган.
Маълумот ўрнида, ўтказилган сайёр қабул кунларида 65 нафар аризачидан 35 нафари алимент масаласида, 15 нафари қарз ва зарар ундириш масаласида, 15 нафари эса бошқа масалаларда мурожаат қилган. Шундан 20 та мурожаат жойида ҳал қилиниб, 15 таси қўшимча ўрганиш учун қайта ижрога қабул қилинди. Қолган мурожаатлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
ЎзА