
Кеча хабар берганимиздек, Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ва Шарқ Ренесанси” мавзусида IV халқаро анжуман бугун ҳам давом этди.
Дастлаб симпозиум иштирокчилари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар вилоят марказида қад ростлаган шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, улуғ мутафаккирга алоҳида эҳтиром кўрсатдилар.
– Ҳазрат Алишер Навоий бутун туркий халқлар билан боғлиқ бир даҳо, – дейди навоийшунос олим Азизуллоҳ Орол. – Бу боғлиқлик нимада кўринади? Навоийнинг ўзи бизники, тили бизники. Аммо унинг мафкураси, унинг тафаккури бутун жаҳонники. Ҳозир Навоийни нафақат шоир сифатида, балки муҳандис, иқтисодчи сифатида ҳам ўрганишмоқда. Бунга унинг кўплаб асарларида далиллар мавжуд. Навоий биз учун ҳам кўплаб ғояларни илгари суриб кетганки, бугун биз улардан фойдаланаяпмиз. У маънавий бўшлиғимизни тўлдирадиган шахс. Мен яқинда иккита китоб чоп этдим. Биттаси Афғонистон ва Эронда истиқомат қилувчи форсий забон инсонлар учун “Алишер Навоий ҳаёти ва ижодиёти” номли китоб, иккинчиси ўзбек тилида “Навоий битиклари изидан”. Бу китобларни мен Ўзбекистонда яшаб, Навоий ижодига берилаётган эътибор туфайли ёздим.
[gallery-21643]
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида хориждан ва республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган Навоий ижоди мухлислари, навоийшунос олимлар учун мусиқали бадиий-маърифий дастур ташкил этилди. Сўз мулкининг султони қаламига мансуб асарлар асосида айтилган мумтоз қўшиқлар, достонлари асосида саҳналаштирган бадиий чиқишлар барчага завқ улашди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари