
Бугун Тошкент фотосуратлар уйида рассом Тимур Раҳметовнинг “Сиймо” деб номланган шахсий кўргазмаси очилди.
Кўргазма очилишида сўзга чиққанлар Тимур Раҳметовни нафақат истеъдодли рассом, балки ёшларга ушбу санъат сир-у асрорини ўзига хос тарзда ўргатадиган севимли устоз эканини ҳам эътироф этди.
Айтиш жоизки, рассомнинг ижоди серқирралиги, ноёб диди ва ўзига хос услуби, фалсафий ёндашуви билан ажралиб туради. Унинг учун ранглар уйғунлиги ниҳоятда муҳим бўлиб, ижодидаги композицион ва услубий қаторни яратувчи расм, шакл ва ранг биринчи ўринда туради.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Тасвирий санъат” факультети декани Обиджон Абдуллаевнинг таъкидлашича, Тимур Раҳметов оилавий рассомлар анъанасини давом эттирмоқда. Унинг отаси – Ўзбекистон халқ рассоми Собир Раҳметов, онаси эса замонавий санъатда ўз ўрнига эга таниқли ижодкорлардан биридир.
– Бугун Тимур Раҳметов мухлисларига “Сиймо” туркумидаги ижод намуналарини тақдим этди. Унинг асарлари ўзига хос ва ноодатий йўналишда бўлиб, фалсафий қарашларни мужассам этгани билан томошабинлар диққатини тортади. Албатта, шахсий кўргазмаларни ташкил этиш катта меҳнат талаб қилади. Мусаввирнинг янгиликка интилиши, креатив ёндашуви ва меҳнатсеварлиги унинг бундай синовлардан осон ўтиб олишига ёрдам беради. Бугунги кунда Тимур Раҳметов нафақат ижод билан шуғулланади, балки институтимизда педагоглик фаолиятини ҳам олиб боради. Бу эса рассомнинг ёшларга билим бериш, касб сирларини ўргатиш ва шогирдлар етиштиришдаги юксак маҳоратини намоён қилади, – деди О. Абдуллаев.
[gallery-21608]
Мутахассислар фикрига кўра, мусаввирнинг серқирра ижоди атроф-муҳит ва инсон ички дунёсининг уйғунлигида намоён бўлади. Ушбу икки омил унинг ижодида боғловчи рол ўйнайди. Рассом ўз асарларида қаҳрамонлар портретининг аниқ ўхшашлигини тасвирлашга интилмайди, бироқ улар ўйлаб топилмаган, ҳақиқий тимсол сифатида жонли ва ўзига хос кўринишда намоён бўлади, шу боис томошабинда унутилмас таассурот қолдиради. Қаҳрамонимиз учун муҳитни ҳис қилиш, қаҳрамонларнинг феъл-атвори ва фаолият турини ўрганиш ниҳоятда муҳим.
Рассом Тимур Раҳметов ўз ижоди ва “Сиймо”даги картиналарини қўйидагича изоҳлади.
– Ҳар бир рассомнинг ўзига хос дунёси бор. Мен кўпроқ инсон ва ҳайвон образлари, муҳаббат ҳамда умумий дунё тимсолларига қизиқаман. Асарларимда тасвирланган одамлар менга таъсир қилган, ҳис-туйғулар уйғотган шахслар. Мен нимани ҳис қилсам, шуни тасвирлайман. Ижод жараёни ички барқарорлик бағишлайди – муваффақиятли ишлаган кунларимда ўзимни гўё булутлар устидан учиб кетгандек ҳис қиламан. Агар ишламасам, куним зое кетгандек туюлади. “Сиймо”га келсак, инсталляция орқали томошабинга буюмларнинг текстура ва пластикасини чуқурроқ ҳис этиш имконини бердим. Айниқса, эски буюмларда “олтин кесим” қонуниятлари, модерн рассомларининг услуби борлиги менга ёқади. Уларга қўл теккизиш, уларни чизиш – бу буюмларнинг моҳиятини чуқурроқ англаш имконини беради. Ҳали тасвирламаган инсонларим бор, уларни асарларимда гавдалантиришни режалаштиряпман. Шунингдек, халқаро лойиҳалар устида ишлаяпман, май ойигача янги асарлар тайёрлаш ниятим бор, – дея таъкидлади рассом.
Экспозицияда тақдим этилган асарлар рассом ва томошабин ўртасидаги мулоқот, умрнинг тез ўтиши, севги ва атрофдаги ўзгаришлар ҳақидаги суҳбатдир. Т.Раҳметов яратган ҳар бир асар – кашфиёт ва янгилик. Бу жараён эса кучли ақл-идрок, санъатга бўлган юксак ҳурмат ва руҳий озиқланиш манбаларини излашни талаб қилади.
Кўргазмада аввал яратилган асарлар қаторида янги туркумдаги картиналар ҳам намойиш этилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА