Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги иқтисодий, савдо-сотиқ, маданий, таълим, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Ташриф доирасида кўплаб муҳим тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Малайзиянинг Перак штатида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар” мавзусида ўтказилган биринчи Ўзбекистон – Малайзия таълим форумида икки мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Икки давлат мадҳиялари ижроси билан бошланган форумнинг тантанали очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Малайзия Олий таълим вазири Замбрй Абдул Кадир томонидан мамлакатларимизнинг олий таълим соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, муваффақиятли ривожлантириш ҳар икки давлат учун ҳам муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.

Форум давомида келгусида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, академик мобиллик дастурларини ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, ҳамкорлик истиқболлари хусусида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Форум доирасида юртимиз олий ўқув юртлари вакиллари Малайзиядаги қатор олий ўқув юртларида бўлиб, уларнинг фаолияти, ўқитиш тизимлари билан яқиндан танишди, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказилди. Ўтказилган учрашувлар, музокаралар самараси ўлароқ, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Жумладан, форумда Андижон давлат университети делегацияси ҳам иштирок этди. Университетимиз ва Малайзиянинг Pendidikan Sultan Idris (UPSI), Terengganu University Malaysia (UMT) университетлари ўртасида илмий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, илм-фан соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича меморандумлар имзоланди.
Давлатимиз раҳбарининг Малайзияга расмий ташрифи доирасида имзоланган ушбу шартномалар университетимизнинг халқаро ҳамкорлик йўналишидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, истиқболли лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, замонавий ва илғор таълим усулларини фаолиятимизга жорий этиш ҳамда халқаро миқёсда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Бахтиёржон Акбаралиев,
Андижон давлат университети ректори.
Малайзия, Перак штати
ЎзА